Россиялик миллиардерлар нима учун икки фуқароликни маъқул кўришади

Россиялик миллиардерлар нима учун икки фуқароликни маъқул кўришади

Шу йилнинг март ойида миллиардер Олег Дерипаска Кипр фуқаролигини олди. Май ойида эса яна бир олигарх Роман Абрамович иккинчи – Исроил фуқаролигини қўлга киритди. Forbes россиялик миллиардерлар орасида яна кимлар икки фуқароликни олгани ва уларнинг нега бундай қилишларини аниқлашга уриниб кўрди.

Knight Frank консалтинг компанияси ўтказган сўров натижаларига кўра, бойлиги 50 млн доллардан ортиқ бўлган россиялик бойларнинг 58%и иккита паспорт ёки икки фуқароликка эга. Бу жаҳон миқёсида рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Иккинчи ўринни эгаллаб турган Лотин Америкасида бу кўрсаткич 41%ни ташкил этади.

Энг бой россияликлар рўйхатидан ўрин олган 200 кишидан эса 35 нафари иккинчи паспортга эга. Улардан 10 нафари Исроил, олти нафари Кипр, уч нафардан Буюк Британия, Мальта ва Сент-Китс, икки нафардан Финляндия, Греция ва АҚШ, бир нафардан Канада, Швеция, Сейшель ороллари ва Арманистон фуқаролигига эга.

Экспертларнинг фикрича, россияликлар орасида Мальта ва Кипр фуқаролигини олиш оммалашмоқда. Бу давлатларда фуқаролик олиш учун киритиш шарт бўлган инвестиция ҳажми нисбатан оз, солиқ муҳити яхши бўлиб, уларнинг паспортлари билан кўплаб мамлакатларга визасиз бориш мумкин.

Knight Frank агентлигининг маълумот беришича, 2018 йилнинг ўтган саккиз ойи давомида россияликларнинг фуқаролик олиш мақсадида Мальта ва Кипрдан кўчмас мулк сотиб олишга ариза беришлари 40%га ошган. Агентликнинг хорижий кўчмас мулк ва хусусий инвестициялар бўлими директори Марина Шалаеванинг айтишича, россиялик бойлар турли лойиҳалар учун 10 млн еврогача сармоя киритишга тайёр, аслида бу давлатлар паспортига эга бўлиш учун 500 минг еврога кўчмас мулк сотиб олиш, иқтисодиётнинг исталган соҳасига 2 млн евро инвестиция киритиши етарли.

Шалаеванинг сўзларига кўра, Мальтада кўчмас мулк олишга эътибор катта. Россиялик пулдорлар бу ерда 5-10тадан хонадон сотиб олишади ва ижарага беришади. Бу даромадли иш ҳисобланади – оролга кўплаб сайёҳлар келади.

АҚШ паспортига ҳам талаб катта —Knight Frank тадқиқотларидан маълум бўлишича, жаҳондаги мультимиллионерларнинг 34%и АҚШда яшайди. АҚШ бошқа давлатлар билан солиқ ва банк маълумотларини автоматик равишда алмашмайдиган кам сонли мамлакатлар қаторига киради. Бу ерда 100дан ортиқ мамлакатни бирлаштирувчи CRS (Common Reporting System) тизими жорий этилмаган. Мазкур тизим глобал миқёсда солиқ ва молиявий шаффофликни яхшилашни кўзда тутади.

Рус олигархлари 1990-йилларда ёқтира бошлаган Буюк Британия эса 2014 йилга келиб жозибадорлигини йўқотди.

«Донбассдаги уруш, рублнинг қулаши ва Буюк Британия томонидан россияликларга инвестор визасини олиш учун минимал инвестиция миқдорининг тўрт бараварга оширилиши катта таъсир кўрсатди», — дейди Pinsent Masons компанияси юристи Сергей Литовченко.

Агар 2014 йилда Буюк Британия паспортини олиш имконини берадиган инвестор визаси учун 1200га яқин ариза берилган бўлса, 2017 йилда бор-йўғи 350та ариза берилган, дейди RSL-LAW компанияси бошқарувчи директори Татьяна Шапошникова. Унинг фикрича, «Жиноий молия тўғрисидаги қонун» ва шу йилнинг баҳоридан инвестор визаларини қайта текшириш йўлга қўйилганлиги  аксарият россияликларни чўчитиб юборган. Аммо тадбиркорлик визасини сўровчилар сони камаймаган. Бундай визани олиш учун Буюк Британияга 200 минг фунт стерлинг сармоя киритиш керак бўлади, инвестор визаси учун эса 2 млн фунт стерлинг киритиш талаб қилинади. Икки юз мингдан кўра икки миллион қаердан келганлигини тушунтириш эса қийинроқ бўлади.

Америка санкциялари туфайли россияликлар учун ЕИ фуқаролигининг қадри тушиб кетди. Назарий жиҳатдан у чеклов чораларидан ҳимоя қилиши керак эди, аммо амалда бундай бўлмади. Масалан, Олег Дерипаска 2018 йил баҳорида АҚШ санкцияларига тушди. Кипр паспорти унга ёрдам бермади — миллиардерга нисбатан иккиламчи санкцияларни киритди. 6 апрелдан бошлаб Дерипаска орол молиявий тизимига кириш имкониятидан маҳрум бўлди.

Россияликларни иккинчи фуқаролик олишга ҳукумат томонидан бошланган деофшоризация жараёни мажбур қилмоқда. Ҳамма ҳам ўз компания ва капиталларини офшорлардан ўз ватанига қайтаришга ва Россияда солиқ тўлашга шошмаяпти. Офшорда қонуний қолишнинг энг осон йўли эса Россия фуқароси бўлмасликдир. «Иккинчи паспорт — бу бошқа юрисдикция остида солиқ резидентлиги олишнинг энг осон йўли», — дейди эксперт Александр Захаров.

Иккинчи паспорт нимаси билан хавфли бўлиши мумкин? Россиянинг Ғарб билан муносабатлари ёмонлашгани боис хорижда россияликларга эҳтиёткорлик билан, Россияда эса қатъийроқ қарашмоқда.

2014 йил ёзда хорижий фуқаролиги бор россияликлар бу ҳақда ИИВни хабардор қилишлари шарт этиб қўйилди, 2018 йилдан эса иккинчи паспорт эгалари хорижий инвесторларга бериладиган имтиёзлардан маҳрум бўлди. Эҳтимол шунинг учунми, россиялик бизнесменлар иккинчи паспортни эҳтиёткорлик билан олишмоқда ва бу ҳақда билдирмасликка ҳаракат қилишмоқда.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!