Россиядаги ўзбек аёллари нега ҳомила олдирмоқдалар?

Россиядаги ўзбек аёллари нега ҳомила олдирмоқдалар?

Расмий маълумотларга кўра, Россияда ишлаётган ўзбекистонликларнинг 30 фоизи, аниқроғи 400 мингга яқини хотин-қизлардир. Улар асосан хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилишмоқда. Бу ҳақда "minbar.uz" ёзмоқда.

Кунига 12-13 соатли иш тартиби, дам олишсиз кунисиз ишлаш муҳожираларнинг саломатлигига салбий таъсир этмай қолмайди. Аммо миграция бўйича таҳлилчилар муҳожир аёллар тиббий хизматнинг бошқа турларидан кўра аёллар шифокорларига кўпроқ мурожаат қилишларини билдиришди.

- Ҳомила олдириш - Россияга ишлашга келган Марказий осиёлик аёллар томонидан акушер-гинекологларга қилинадиган энг кўп мурожаатлардан бири, - дейди шифокор Янглиш Эгамова.

Москвада айнан муҳожирлар учун хизмат кўрсатадиган 20 дан ортиқ хусусий поликлиникалар бор. Бундан ташқари, яширин поликлиникалар ҳам фаолият юритади. Бу тиббий масканларнинг асосий мижозлари - шахси сир сақланишини сўровчи муҳожиралардир.

Тиббий-демографик тадқиқотларга кўра, ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрант аёлларнинг 15 фоизи ҳомилани олдириш учун шифокорга боришади. Қирғизистонлик аёлларда эса бу кўрсатгич 40 фоизни ташкил қилади. Исталмаган ҳомиладорликка асосан уларнинг ишлаш мақсади сабаб бўлади.

Бироқ мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар абортлар сабабини бошқа вазиятда кўришади.

- Мигрант аёллар энг кўп жинсий тажовузлар ва алдовларнинг қурбонлари бўлишмоқда, - дейди ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева.

Юристга ёрдам сўраб мурожаат қилувчи аёллар орасида ҳам ўз юртдошлари томонидан алданган аёлларни ташкил қилишини билдирди.

"Муҳожираларнинг катта қисми - эрсиз аёллар. Ҳатто турмушга чиқмаган ўзбек қизларнинг ҳам Россияга келиши кўпайиб бораяпти. Улар биринчи навбатда оиласини ватанида қолдириб келган эркаклар учун ўлжа бўлишса, иккинчидан ўзлари ҳам бегона юртда ҳамроҳ ва суянч хоҳиши билан қийин вазиятларга тушиб қолишаяпти", дейди юрист.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган эълонларда кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб кўрдик.

- Қабулга навбатга ёзилиб келасиз, консультация 2000 рубль. Ўзимизда УЗИ бор, кўпроқ пул олволсангиз бўлди, хужжат керакмас. Ҳомила олдиришнинг нархи ўртача 6000 рубль (100 АҚШ доллари атрофида), - деди телефонга ўзбек тилида жавоб берган шифокор.

Аммо ОАВдан эканимиз, маълумот учун қўнғироқ қилганимизни билгач, суҳбатни тўхтатди. Кейинги қўнғироқларимиз бесамар кетди, жавоб берилмади.

Ана шундай яширин поликлиникалардан бирида бўлган муҳожир аёл билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

- "Садовод" бозорини ёнида дейишди, зўрға топиб бордим. Ертўладаги хоналарнинг бирини ижарага олиб ишлашар экан. Йўлак қоп-қоронғу, телефонимни чироғини ёқиб эшигини аранг топиб бордим. Ҳамма ёқ тартибсиз, ифлос. Бир бурчакда УЗИ ва "кресло" турибди. Гинекологни ўзи телефонга жавоб беришдан то уколгача ҳаммасини қиларкан, - дейди исми сир қолишини сўраган муҳожира.

Мигрант аёлнинг айтишича, у эри билан яшайди ва шифокорга тушиб қолган ҳомиласи асоратини тозалатиш ва даволанишга дори-дармонлар ёздиришга борган.

"Аммо навбат кутиб ўтирганимда аборт учун борган ёш-ёш қизларни кўрдим. Баъзилари "йигитлари" билан борган экан. Биттасини муддати каттароқ бўлиб қолган экан, йигити билан роса жанжаллашди. Барибир, қўймади, олдирди", гапириб берди муҳожир аёл.

Муҳожир аёлларнинг ҳомиладорлиги муамммоларига Москвадаги диний қўмиталар вакиллари ҳам матбуот орқали муносабат билдиришмоқда.

- Аёл муҳожираларнинг яна бир муаммоси - иш берувчилар томонидан жинсий зўравонликларга учрашаётганидир. Қурбонлар афсуски, қариндошлари ва юртдошлари олдида юзлари ерга қарамаслиги учун ҳам бу гуноҳга қўллари бораяпти, - дейди имом Рамил Содиқов.

Уламо ҳамиша эркакларга юзланишини, уларни ман этилган ишлардан қайтаришга сабаб бўлувчи чиқишлар билан ҳаракати бу муаммони ечимида озлигини билдирди.

Ўзбекистонлик, умуман Марказий Осиёлик меҳнат муҳожиралари билан ишлайдиган расмий ёки бирон бир жамоатчилик ташкилоти ҳозирча йўқ.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!