Россиядаги муҳожирлар: Дастлаб Бухорога қайтишни ўйладим. Бироқ атрофда саросима авжига чиққач, қолишга қарор қилдим

Россиядаги муҳожирлар: Дастлаб Бухорога қайтишни ўйладим. Бироқ атрофда саросима авжига чиққач, қолишга қарор қилдим

Россия Федерециясида ўзини алоҳидалаш (самоизоляция) режими жорий этилганда, мамлакат ичида милионлаб меҳнат муҳожирлари истиқомат қилаётган эди. Уларнинг айримлари уйга қайтишга шошилди ва транзит ҳудудларида қолиб кетди, бошқалари Россияда қолишга қарор қилди. Россия Ички ишлар вазирлиги вазиятни тўғри баҳолаб, муҳожирларга мамлакат ҳудудида қолишига рухсат берди. Муҳожирларнинг кўпчилигига ўз юрти элчихоналари ёрдам берди. Кимлар учун “нимадир ўхшамади”.

“Нима қилишга бошим қотиб қолди. Пул йўқ, иш йўқ. Ҳужжатларимнинг амал қилиш муддати ўтиб кетган. Кўчага чиқсам полиция ушлайди. Депорт қилади. Эҳтимол, самолёт ташкиллаштирилар?” дея умид билан сўради РИА Новости мухбиридан Тожикистон фуқароси бўлган Фаррух.

Уйига етиб боролмаган Фаррух бир ҳафта Жуковский аэропортида қолиб кетди. У ердан 20 март куни Душанбега учиб кетиши лозим эди. Бир ҳафтадан сўнг уни юзлаб ватандошлари билан Домодедово аэропортига юборишди. Улар ўша ердан ватанларига қайтишлари лозим эди. Бироқ улар яна бир ярим ҳафта аэропортда қолиб кетишди.

Кўплаб аёллар, ёши кексалар ва ёш болалар уйларига қайтиб кетишди. Аммо Фаррухнинг омади келмади. Москвада ўзини алоҳидалаш режими жорий этилганидан сўнг улардан аэропортдан чиқиб кетиш сўралди. Унинг борадиган жойи йўқ, ижарада турган уйидан чиқиб кетган ва бошқа квартирага жойлашишга маблағ йўқ. Марказий Осиёликларга биринчилардан бўлиб аэропортдан чиқиш эшиклари кўрсатилди. Айни вақтда Фаррух танишларининг ижарадаги уйида яшамоқда.

“Ҳужжатларнинг амал қилиш муддати узайтирилганлигидан хабарингиз бормиди”, деган саволга у хабари йўқлигини маълум қилди.

Ўзбекистонлик Озод Мелибоев Россияда ўн йилдан буён яшайди. Озод Россияда фаррошлик, қурувчилик қилган, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Сўнгги йилларда у Москвадаги тармоқли супермаркетларнинг бирида сотувчи бўлиб ишлаб келаётганди. Чегаралар ёпилиши бошланганида Озод нима қиларини билмай қолди.

“Дастлаб Бухорога қатишни ўйладим. Бироқ атрофда саросима авжига чиққанини кўриб, қолишга қарор қилдим. Менинг Моквада муқим ишим бор. Ўртача ҳақ тўлашади, аммо ҳозирги вазиятда шу ҳам ёмон эмас. Кейинчалик аэропортлардаги вазиятни кўрдим ва тўғри қарор қабул қилганимга ишончим комил бўлди”, деди Озод.

РИА Новости мухбири билан суҳбатда бўлган яна бир Ўзбекистон фуқароси Акбар учун ўзини алоҳидалаш режими жорий этилганидан сўнг деярли ҳеч нарса ўзгармади. У фақат бўшаб қолган кўчалардан бироз ҳафа бўлганини айтди. Акбарнинг сўзларига кўра, унинг ҳозирги қурилиш фирмасидаги иш берувчиси иш билан таъминлолмай қолса, ўзига бошқа иш топа олишига ишонади.

“Мени ҳеч ким, ҳеч қаерга ҳайдагани йўқ. Ҳеч қаерга кетишни ҳам режалаштирмаганман. Ҳаммаси илгаригидек давом этмоқда”, деди Акбар.

- Биз бир қатор чартер рейслар ва учта темирйўл қатновини ташкиллаштирдик, - деди РИА Новости билан суҳбатда бўлган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот котиби Шаҳриёр Турсунбоев. - Бироқ 30 мартдан бошлаб Тошкент барча аэропортларни ёпти. Элчихона барча Ўзбекистон фуқароларини, кимда бунга имкон бўлса Россияда қолишга, вақтинчалик яшаб турган ёки доимий истиқомат қилиб келаётган жойларини тарк этмасликка ва Россия ҳукумати томонидан жорий этилган карантин қоидаларига амал қилишга чақиради.

Шаҳриёр Турсунбоевнинг сўзларига кўра, Москвада яшашга имконияти йўқ бўлган 150 нафарга яқин одам уч марталик иссиқ овқат билан таъминланган хостелларга жойлаштирилган. Элчихона Россиядаги Ўзбекистонлик талабаларни ОТМлар ётоқхоналарида қолдиришга эришди.

- Қирғизистон ҳукумати 5.5 мингга яқин фуқароларни Россиядан олиб чиқиб кетди. Бироқ уйга қатишни режалаштирган фуқароларимизнинг ҳаммаси ҳам уйга қайта олмади. Айни вақтда биз ишсиз қолиб кетган фуқароларимизга ёрдам бериш билан шуғулланяпмиз. Биз улар билан доимий алоқа ўрнатганмиз, - дейди Кирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот котиби Гулбарчин Байимбетова. - Элликка яқин одам Москвадаги хостелларга жойлаштирилган. Биз фуқароларимизни иш билан таъминлашга қодир ёки уларга вақтинчалик иш бериб тура оладиган компаниялар билан алоқа ўрнатганмиз. Россия шаҳарларидаги қирғиз диаспоралари билан алоқадамиз. Уларнинг орасида кўплаб кичик бизнес эгалари ва шунчаки ёрдамга тайёр одамлар мавжуд.

Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Имомуддин Сатторов ҳам тожикистонлик тадбиркорларни юртдошларига ёрдам беришга чақирди.

- Биз Россиянинг барча ҳудудлари, муҳожирлар меҳнат қилаётган ташкилот раҳбарлари билан музокаралар олиб бормоқдамиз ва мазкур оғир шароитда муҳожирларни ишдан бўшатмасликларини илтимос қиляпмиз, - деди Тожикистон элчиси.

Барча эчихона вакиллари миграция масалалари бўйича ИИВ бош бошқармаси томонидан қўшни мамлакат фуқаролари учун ҳужжатларни амал қилиш муддати узайтирилгани энг муҳим қарор эканлигини таъкидладилар.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!