Россиядаги мигрант маҳбуслар шикоят қилмоқда: Улар Украина билан урушга қўшилишга мажбур
Россияда жазо ўтаётган Марказий Осиё давлатларидан келган муҳожирлар шартнома имзолашга ва Украина билан урушга киришишга мажбур. Бу ҳақда Россиянинг «Настоящее время» нашрига Россия колонияларидан бирида бўлган тожикистонлик Жовид маълум қилди.
Унинг айтишича, Москва яқинидаги қаттиқ тартибли колонияда у билан бирга жазо ўтаётган Тожикистон ва Ўзбекистонлик маҳбуслар жиддий муаммога дуч келмоқда. Улар урушга боришни хоҳламасалар-да, колонияда яратилган шароитларда яшашни давом эттира олмаяпти. Унинг сўзларига кўра, баъзи маҳбуслар фуқароликдан воз кечиб, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашдан кўра, "ўзини ўлдириш афзал" деб ўйлашмоқда. Жовиднинг тушунтиришича, маҳкум чет элликлар шартнома тузиш билан бир вақтда ўз мамлакатлари фуқаролигидан воз кечишга ва Россия фуқаролигини олишга мажбурланмоқда.
"Агар имзо чекмасанг, жарима изоляторига жойлашасан. Агар фуқароликдан воз кечишни имзоласангиз, ариза Тожикистонга юборилади. Кейин керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, урушга юборишади..." - деди у.
"Настояшие время" нашрининг ёзишича, Жовид сақланаётган колониядан бир гуруҳ маҳкум-мигрантлар таҳририятга хат ёзиб, у ерда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролигига эга 400 га яқин маҳбус сақланаётганини айтишган. Уларнинг айтишича, уларга қўпол муомалада бўлишмоқда ва диний жиҳатдан ҳақоратлашмоқда. Колония ходимлари, шунингдек, бошқа маҳбусларни маҳкум мигрантларни калтаклашга чақиради, дейилади мактубда.