Россияда хорижлик фуқароларни миграцион қайддан ўтишини қатъийлаштирувчи қонун кучга кирди

Россияда хорижлик фуқароларни миграцион қайддан ўтишини қатъийлаштирувчи қонун кучга кирди

Россия Федерациясида 10 августдан бошлаб қабул қилувчи томон агар у кўрсатиб ўтилган манзилда ортиқ яшамаётган бўлса хорижий фуқарони миграцион ҳисобдан чиқариши шартлигини белгиловчи федерал қонун кучга кирди.

«Невские новости» нашрининг ёзишича, энди юридик ва жисмоний шахслар нафақат мигрантни қайддан ўтказиш учун, шунингдек, агар у яшаш жойини тарк этса, масалан, бир квартирадан иккинчисига кўчиб ўтса уни қайддан чиқариш учун масъул бўлишади.

Қайд этиш жоизки, илгари қабул қилувчи томон хорижлик фуқарони қайддан чиқара олмас эди ва қайд муддати тугагунга қадар унда сақланиб қолар эди.

Янги қонун кучга киргунга қадар қайддан чиқариш учун бор-йўғи тўрт сабаб асос бўла олар эди:

  • хорижлик фуқаронинг мамлакатдан чиқиб кетиши;
  • унинг Россияда вафот этиши;
  • Россия Федерациясида бўлиб турган хорижлик фуқаронинг суд томонидан дом-дараксиз кетган деб топилгани ҳақидаги қарори қонуний кучга кириши;
  • унинг Россия фуқаролигини қабул қилиши.

«Энди эса бешинчи пункт ҳам қўшилди ва миграцион қайддан чиқариш учун мигрантнинг яшаш жойидан чиқиб кетиши ҳам асос бўла олади. Илгари иш берувчи/ижарага қўювчи уни қайддан чиқара олмас, бироқ хорижлик фуқаро учун масъул ҳисобланарди», — дея тушунча берган Санкт-Петербург миграция мутахассислари мактаби директори, эксперт Дмитрий Коваленко.

Ҳисобдан чиқариш жараёни хорижлик фуқаронинг янги манзилга кўчиб ўтгани ҳақидаги билдиришномага ўхшаш бўлиши эҳтимоли юқори, дейишмоқда мактабдагилар. Бироқ ҳозирча на шакл ва на муддатларга аниқлик киритилган.

Янгилик иш берувчилар учун айрим ташвишларни келтириб чиқариши мумкин, чунки улар энди хорижлик фуқаронинг чиқиб кетгани ҳақида билдириш беришлари керак. Бу эса қўшимча вақт ва кучларни талаб этади. Эслатиб ўтамиз, иш берувчи ўз ишчиларига турар жой тақдим эта олсагина қабул қилувчи томон бўла олади, яъни мигрант компания ҳудудидаги хўжалик биноларида, вагонларда ёки алоҳида хоналарда яшаши мумкин ёки компания унинг учун алоҳида квартира (хона) ижарага олиши мумкин.

Агар иш берувчи собиқ ишчисини миграцион ҳисобдан чиқармаса унга ҳар бир мигрант учун 400 мингдан 500 минг рублгача бўлган жарима солиниши мумкин. Квартира эгаси ҳам мигрантни ҳисобга қўймаса ёки (10 августдан бошлаб) ҳисобдан чиқармаса жарима тўлайди. Жарима миқдори 2–5 минг рублни ташкил этади.

«Илгари фақат бир неча муассаса хорижлик фуқаро чиқиб кетганидан сўнг қайдни бекор қилар эди. Булар касалхоналар, хостеллар, меҳмонхоналар ва ётоқхоналар эди. Олдинги қонун бўйича аксарият хорижликлар ҳимоя қилинмаган эди. Айниқса, битта квартирада қайддан ўтиб, аслида бошқа жойда яшашга ўрганганлар. Бу вариант аввал ҳам ноқонуний ҳисобланар эди, лекин бу қадар кучли назорат остида эмас эди. Энди хорижлик фуқаро ўзи яшаётган квартира эгасига бироз боғланган бўлади. Агар у чиқиб кетса, у янги қабул қилувчи томон топишга мажбур бўлади», — деган нашрга хорижий ходимлар учун миграция ҳужжатларини расмийлаштиришга ихтисослашган «Альянс – Трудовая Миграция» компаниясидагилар.

10 августдан бошлаб қабул қилувчи томоннинг мажбуриятлари кенгайиши билан бир қаторда хорижлик фуқаро ҳам ўзининг қонуний миграция ҳисобига қўйилиши ҳақида бош қотиришга мажбур бўлади, чунки у ҳам мамлакат ҳудудида бўлиб туриш муддатларини бузганлик учун масъул бўлади ва депортацияга дучор бўлиши ёки мамлакатга кириш учун 3 йилдан 10 йилгача тақиққа учраши ҳам мумкин. Бу ҳолда хорижий фуқаро уни миграция ҳисобидан чиқаришганидан бехабар ҳам бўлиши мумкин. Экспертлар қонун билан боғлик муаммоларга дуч келмаслик учун янги жойга кўчиб ўтилганидан сўнг дарҳол қайддан ўтишни маслаҳат беришмоқда.

Экспертларнинг фикрича, иш берувчилар ва квартиралар эгалари янги тартибни суиистеъмол қилиб, қандайдир маънода хорижлик фуқаронинг «тақдирини ҳал қилиш» ҳолатларига ҳам кўпайиши мумкин.

«Федерал қонуннинг кучга кириши билан айрим виждони пок бўлмаган фуқаролар ва иш берувчилар хорижлик фуқарони рўйхатга қўйиш расмийлаштирилганидан сўнг, унга билдирмасдан дарҳол қайддан чиқариши ҳам мумкин. Шу сабабли янги чора мигрантлар учун зарарга ҳам ишлаши мумкин», — деган «Альянс – Трудовая Миграция» компанияси мутахассиси Юлия Пакина.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!