Россияда ўта бой одамлар бир йилда минг кишига камайди, энди уларнинг сони 8015 кишини ташкил қилмоқда

Россияда ўта бой одамлар бир йилда минг кишига камайди, энди уларнинг сони 8015 кишини ташкил қилмоқда

Россияда бир йил ичида ультрахайнетлар (бойлиги 30 миллион доллардан кўп бўлган одамлар) сони минг кишига қисқарди, энди уларнинг сони саккиз мингдан сал ортиқроқни ташкил қилмоқда, деб ёзади Meduza. Бу ҳақда Knight Frank халқаро консалтинг компаниясининг The Wealth Report 2021 ҳисоботи гувоҳлик бермоқда.

Россия ультрахайнетлар сони бўйича дунё мамлакатлари орасида тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди (2020 йилда Россияда 8015 нафар ўта бой кишилар бўлган). Ундан олдинда Канада (10 025), Италия (10 441), Япония (14 755), Франция (15 503), Буюк Британия (16 370), Германия (28 396), Хитой (70 426) бор. Биринчи ўринни эса АҚШ (180 060) эгаллаб турибди.

Ўта бой одамлар сони бўйича юқори ўнликдаги мамлакатлар орасида учтаси 2020 йилда манфий динамикани қайд этди. Ультрахайнетлар сони Россияда 11,1 фоизга пасайган бўлса, улар Буюк Британияда 0,7 фоизга, Францияда 9,4 фоизга камайган. Хитойда эса ўта бой одамлар сони энг юқори даражада ўсган (15,8 фоизга).

Умуман олганда, бутун дунёда 2020 йилда капитали 30 миллион доллардан зиёд бўлган одамлар 2,4 фоизга ёки 12 400 кишига кўпайган. Айни пайтда бутун сайёрада ультрахайнетлар сони 521 653 кишига тенг. Knight Frank таҳлилчилари фикрича, яқин беш йил ичида улар 27 фоизга кўпайиб, 663 483 кишига етади.

Ультрахайнетлар сони ҳар йили 10-12 фоизга ўсиб борадиган Австралосиё ва Осиёга қарама-қарши ўлароқ, Яқин Шарқ, Лотин Америкаси, шунингдек, Россия ва МДҲда маҳаллий валюталар курсининг сезиларли заифлашиши ва пандемиянинг маҳаллий иқтисодиётга аҳамиятли таъсири ортидан манфий динамика кузатилди», — дея бу рақамларни изоҳлаб ўтди Knight Frank Russia бошқарувчи шериги Алексей Новиков.

Аввалроқ Россиянинг «Норникель» кон-металлургия компанияси эгаларидан бири Владимир Потаниннинг бойлиги 30 миллиард долларга етгани, шу тарзда Потанин тарихда бундай катта бойликка эга бўлган илк россияликка айлангани ҳақида хабар берилган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!