Россияда “ноқонуний контент” учун Твиттер бутунлай блокланиши мумкин

Россияда “ноқонуний контент” учун Твиттер бутунлай блокланиши мумкин

10 март чоршанба куни Россия ўз ҳудудида АҚШга тегишли бўлган Твиттер ижтимоий тармоғининг тезлигини пасайтираётганини маълум қилди. Россия Твиттерни ноқонуний материални ўчирмаганликда айблаб ушбу ишни амалга оширган бўлиб, агар Твиттер Россиянинг маълумотларни ўчириш бўйича талабларини бажармаса уни бутунлай блоклаб қўйишини ҳам айтган.

Ушбу ҳолат Россия ва АҚШ ижтимоий тармоқлари ўртасидаги курашни янада ҳам кучайишига олиб келиши мумкин. Бундан бир неча ҳафта олдин Россия ҳукумати Твиттер ва бошқа ижтимоий тармоқларда ҳукуматга қарши уюштирилаётган намойишларда ёш болаларни ҳам қатнашишга чақирилаётгани айтиб, улардан бундай мазмундаги постларни ўчиришни сўраган.

Россияда медиани тартибга солиб турувчи Роскомнадзор ташкилотининг маълум қилишича, 10 мартгача Твиттер тармоғида ноқоуний мазмундаги 3000 дан ортиқ твитлар ёзилган. Аммо, Твиттер ушбу хабарларни ўчириш борасидаги талабларни бир неча йиллар давомида эътиборсиз қолдирмоқда.

«Секинлашув 100 фоиз мобил қурилмаларга ва 50 фоиз мобил бўлмаган қурилмаларга нисбатан қўлланилади. Агар Твиттер қонун талабларини эътиборсиз қолдиришда давом этса, мажбурий чеклов чоралари ҳам давом эттирилади ва бу бутунлай блокланишгача бориши мумкин» дейилади Роскомнадзор баёнотида.

Россия 2018 йилда Телеграм мессенжер хизматини тақиқлашга уринганди. Аммо, рус ҳукумати техник жиҳатдан дастурни бутунлай блоклай олмади ва ўтган йили ушбу тақиқни батамом бекор қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!