Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'zbekcha

Россияда 500 нафарга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишга уринди (видео)

Россияда 500 нафарга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишга уринди (видео)

Россиянинг Самара вилоятида қолиб кетган қарийб 500 нафар ўзбекистонлик ортга қайтиш учун Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишга уринди. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилган.

«Одамлар 3 август куни соат 09:00 да уларнинг вазияти бўйича ижобий жавоб эълон қилинишини кутган. Аммо кутилган воқеа содир бўлмаган. Оқибатда улар Оренбург вилояти ҳудуди орқали чегарани кесиб ўтишга уринган. Кучишлатар тизим вакиллари оломонни Самара вилояти ҳудудига қайтарган», — дейилади хабарда.

Mash нашрининг Telegram’даги канали муҳожирлар ҳамда Россия гвардияси ходимлари ўртасида тўқнашув юз берганини хабар қилган. «Интерфакс» ахборотида ушбу ҳаракатлар оқибатида ҳеч кимга зиён етмагани қайд этилган. Приволжск округи гвардиячиларининг ахборот хизмати тўқнашувнинг юз берганини тасдиқлаган.

 

Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистоннинг коронавирус пандемияси туфайли давлат чегараларини ёпгани оқибатида ватанга қайта олмаяпти. Июль ўрталарида чегара яқинидаги чодирларда минглаб ўзбекистонликларнинг қолиб кетгани ҳақида хабарлар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни Амур вилоятидаги Renaissance Heavy Industries компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида исён юз берган. Ишчиларнинг сўзларига кўра, улар уч ойдан буён иш ҳақини олмаётгани сабабли мазкур ишга қўл урган.

Амур вилояти гурбернатори Василий Орлов Renaissance Heavy Industries пудратчи компанияси вакиллари ҳамда Амур газни қайта ишлаш заводи қурувчилари ўртасидаги тўқнашувдан кейин ишчиларга турли шаклдаги ёрдамлар таклиф қилинганини билдирди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Амурдаги ўзбекистонлик ишчилар исёни назоратга олинганини, воқеа жойига бош консул етиб борганини хабар берди. Кейинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур можаро ҳал этилгани ва ўзбекистонлик қурувчилар ўз иш жойига қайтганини маълум қилди.

17 июлда эса Санкт-Петербургдаги «Лахта центр»да ишловчи ўзбекистонлик қурувчилар маош талаб қилиб норозилик намойиши ўтказган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!