Россия ва Туркия ўртасида Тоғли Қорабоғда мониторинг маркази ташкил этиш бўйича келишув имзоланди

Россия ва Туркия ўртасида Тоғли Қорабоғда мониторинг маркази ташкил этиш бўйича келишув имзоланди

Россия Федерацияси ва Туркия Республикаси ўртасида Тоғли Қорабоғда мониторинг маркази ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.

Бу ҳақда 1 декабрь, сешанба куни Туркия мудофаа вазирлиги маълум қилди.

“Қўшма Туркия-Россия кузатув марказининг асослари ва ишлаш тамойилларига оид техник тафсилотлар бўйича музокаралар якунланди ва битим имзоланди”, дейилади Туркия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Қайд этилишича, қўшма марказнинг фаолиятини бошлаш учун барча зарур ишлар амалга оширилмоқда.

17 ноябрь куни Туркия парламенти мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Озарбайжонга ҳарбий қисмларни юбориш тўғрисидаги фармонини маъқуллади. Эртаси куни Озарбайжон раҳбари Илҳом Aлиев Россия ва Туркия ҳарбийлари Қорабоғдаги фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича операцияларда қатнашишини маълум қилди.

Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Aкар 22 ноябрь куни Озарбайжонга юборилган турк ҳарбийлари бир йил давомида Россия билан ҳамкорликда ташкил этилган Тоғли Қорабоғдаги мониторинг марказида ҳаракат қилишини айтди.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳарбийларни юбориш тўғрисидаги фармон Туркиянинг ички иши, кузатув марказини очиш эса Москва ва Aнқара ўртасидаги икки томонлама келишув маҳсулидир, деб таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 9 ноябрь куни Озарбайжон ва Aрманистон Россия иштирокида 10 ноябрдан бошлаб Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида битим имзоладилар.

Ҳужжат минтақага Россия тинчликпарвар кучларини киритишни, можаро иштирокчилари ўртасида маҳбуслар алмашинувини, Aрманистон томонидан минтақанинг бир қатор вилоятларини Озарбайжонга ўтказилишини ва Қорабоғга қочқинларни қайтаришни назарда тутади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!