Россия Мудофаа вазирлиги Одесса бандаргоҳига 23 июль куни ракета зарбаси берилганини тан олди

Россия Мудофаа вазирлиги Одесса бандаргоҳига 23 июль куни ракета зарбаси берилганини тан олди

Одесса бандаргоҳига ракета отилиши жаҳонда катта резонанс пайдо қилган ва Россия украин буғдойини олиб чиқиш бўйича шартномани бузишга ҳаракат қилаётганликда айбланган эди.

23 июл куни Россия мазкур ҳужумга алоқаси йўқлигини ва Одессага ракета отмаганини расман билдирганди. Аммо 24-июл куни Россия Мудофаа вазирлиги “Одесса бандаргоҳи ҳудудидаги кемасозлик заводида юқори аниқликда мўлжални урадиган ракеталар воситасида ҳарбий кема ва Ҳарпоон ракеталари сақланадиган омбор йўқ қилингани”ни билдирди.

Украина ракета ҳужуми оқибатида бандаргоҳ инфраструктурасига зарар етганини маълум қилган. Бироқ украин томони баёнотида ҳарбий кема ва ракеталар омбори йўқ қилингани тўғрисида маълумот берилмаган.

24 феврал куни бошланган босқиндан кейин Россия Қора денгиздаги Украина портларини тўсиб қўйиши натижасида ўн миллионлаб тонна дон Украина портларида тиқилиб қолган эди.

Асосий глобал буғдой етказиб берувчилар Россия ва Украина ўртасидаги уруш глобал озиқ-овқат нархини кўтарилишига олиб келди. Жаҳон озиқ-овқат дастурига кўра, инқироз 47 миллионга яқин одамни «ўткир очлик» ёқасига олиб келди.

22 июл куни Россия ва Украина Туркия ҳамда БМТ воситачилигида Украинанинг дон экспортини тиқлаш тўғрисида келишувга эришган эди. Одесса бандаргоҳига ракета отилиши мазкур келишувнинг амалга оширилишини хавф остига қўяди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!