Россия аҳолиси камая бошлади. Муаммонинг ечими – мигрантларда (ми?)

Россия аҳолиси камая бошлади. Муаммонинг ечими – мигрантларда (ми?)

2018 йилнинг январь-октябрь ойларида Россия аҳолиси сони 78,7 минг кишига камайди, деб маълум қилди Росстат. Бу Россияда кейинги 10 йил ичида аҳоли сонининг илк бор камайишидир. Сўнгги марта бундай ҳолат 2008 йилда қайд этилган: миграцион оқимнинг табиий камайиш ўрнини тўлдира олмагани натижасида аҳолиси сони 10,3 минг кишига камайган.

Ўтган йил декабрида Росстат аҳолининг табиий камайиши 2018 йилнинг 11 ойи давомида 180,5 минг кишини, миграцион ўсиш эса 101,8 минг кишини ташкил қилганини билдирганди.

2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, Россияда 146 миллион 793,7 минг киши истиқомат қилади, бир йил аввал бу рақам 146 миллион 880,4 минг кишини ташкил этганди.

Мигрантлар келиши камайди

Аввалроқ БМТ 2050 йилга келиб Россия аҳолиси сони 11 миллион кишидан кўпроққа камайиб, 133 миллион кишини ташкил этишини тахмин қилганди. 2018 йил январь-октябрь ойларида туғилиш 1,352 миллион нафарни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 66 мингга камдир.

Росстат маълумотига кўра, аҳоли сони камайиши биринчи навбатда қишлоқ жойларда юз берган. Шаҳар аҳолиси сони 2019 йил 1 январь ҳолатига 109 миллион 451,3 минг кишини (2018 йил 1 январь ҳолатига 109 миллион 326,90 минг киши) ташкил этган бўлса, қишлоқ аҳолиси сони 37 миллион 342,4 минг кишини (2018 йил 1 январь ҳолатига 37 миллион 553,5 минг киши) ташкил қилган.

Россия аҳолиси сони 2018 йилдан камая бошлаши ҳақида ўтган йили РАНХиГС ва Гайдар институти экспертлари огоҳлантиришганди.

Уларнинг июль ойидаги мониторингида аҳолининг миграцион ўсиши қисқаришда давом этаётгани ва табиий камайиш ўрнини қоплай олмаслиги айтилганди.

Асосий сабаб Украинадан келувчиларнинг камайиши ва Марказий Осиё давлатларидан келувчиларнинг одатий кўрсаткичи секин тикланиши , дейилганди ҳисоботда.

Экспертларнинг қайд этишларича, 2018 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россия аҳолиси Украинадан келган мигрантлар ҳисобига 7,4 минг кишига кўпайган, 2017 йил январь-апрелида эса Украинадан 27,3 минг киши, 2016 йилнинг худди шу даврида эса 35,3 минг киши Россияга келган.

2018 йилда миграцион ўсиш 2017 йилга нисбатан 43 фоизга ёки 76,6 минг кишига камайган. Россияга Украинадан мигрантлар келиши 74 фоизга, Ўзбекистондан 70 фоизга ва Қирғизистондан 40 фоизга қисқарган. Қайд этилишича, МДҲ давлатлари Россия учун асосий мигрант донорлари ҳисобланади, аммо бу ресурс тугамоқда.

Табиий камайиш сабаблари

Табиий камайишнинг асосий сабаби туғилишлар сони қисқаришидир. 2018 йил январь октябрида туғилишлар сони 1,352 миллион кишини ташкил этган бўлиб, бу аввалги йилдагига қараганда 66 минг нафарга камдир. Туғилишнинг камайиши мамлакатнинг 85та регионидан 83тасида қайд этилган.

Туғилиш камайишида мамлакат аҳолисининг моддий аҳволи ёмонлашиши ҳам ўз ўрнига эга, деб ҳисоблайди иқтисодчи Владимир Тихомиров. Россияликларнинг реал даромадлари сўнгги тўрт йил давомида пасайиб бормоқда.

Аҳоли камайишининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсири

Мамлакат умумий аҳолиси сонининг камайиши меҳнатга лаёқатли россияликлар сонининг камайиши, кексалар сонининг эса кўпайишини англатади. Ишчи кучининг камайиши мамлакат иқтисодий ўсишини секинлаштиради, дейди Тихомиров. Ҳозирда Россия меҳнат бозорида кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг камайиши пенсионерларни қўллаб-қувватлаш учун ишлайдиган фуқароларга юкламани оширади. Тихомировнинг фикрича, меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг қисқариши муаммосини фақат туғилишнинг кўпайиши ёки меҳнаткаш мигрантлар оқимигина ҳал қилиши мумкин.

Мигрантлар муаммонинг ечими сифатида кўрилмоқда

Туғилишлар сонини ошириш ва аҳоли сони камайишига йўл қўймаслик мақсадида Россия ҳукумати кам даромадли оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирларни жорий этди. 2018 йил 1 январдан Россиядаги оилалар биринчи ва иккинчи фарзанд туғилгани учун ҳар ойда нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳукумат аҳоли сонини кўпайтириш бўйича Демография деб номланган миллий лойиҳани ишлаб чиқди. Лойиҳа 2024 йилгача давом этади. 2019 йилда ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 512 миллиард рубль, 2020 йилда 522 миллиард рубль, 2021 йилда эса 528 миллиард рубль сарфланиши режалаштирилган.

Коммерсантъ нашри маълумотларига кўра, яқин беш йил ичида Россия фуқаролари сонини 5-10 миллион кишига кўпайтириш режалаштирилган. Донорлар сифатида аксарият аҳолиси рус тилида сўзлашадиган мамлакатлар: Украина, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Молдова кўрилмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, бу йўналишдаги қонунчилик иши аллақачон бошланган: миграция сиёсати бўйича янги концепциядан ташқари, фуқаролик масалалари билан боғлиқ қонунлар аллақачон қабул қилинган ёки қабул қилиниш жараёнида.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистоннинг 4,5 миллион нафар фуқароси миграцион рўйхатга олинган, 3,25 миллион киши - рўйхатдан чиқарилган (сальдо 1,25 миллион). Иккинчи ўринда Тожикистон фуқаролари: 2,33 миллион киши рўйхатга олинган, 1,53 миллион киши рўйхатдан чиқарилган (сальдо - деярли 800 минг киши).

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!