Риштонлик аёл 1336 варақлик дастхатлар архивини яратди

Риштонлик аёл 1336 варақлик дастхатлар архивини яратди

Кимдир бедана боқишга, кимдир китоб ўқишга ва яна кимдир футбол томоша қилишга ошуфта.

Фарғона вилоятининг Риштон тумани марказида истиқомат қилувчи Мавлудахон Жўраева таниқли шахслардан дастхат олишга қизиқади. Шу кунга қадар у 22 дафтарнинг жами 1336 варағини мамлакатимизнинг энг ёрқин юлдузлари, санъат арбоблари, актёрлар, қўйинки, барча соҳалардаги таниқли шахсларнинг тилаклари ва дастхатлари билан тўлдирган. Айни кунларда у 23-дафтарнинг 30-варағига “етиб келди”.

Қаерда санъаткорлар иштирокида концерт ёки учрашувлар уюштирилишининг хабарини олса кифоя. Барча юмушларини бир четга суриб ана шу “қайноқ нуқта”да иштирок этади. Энг қизиқарлиси минг тадбир билан ундан дастхат олишнинг уддасидан чиқади. Маҳаллада Мавлудахон Жўраевани таниш, нотанишлар ҳаммаси дастхатчи опа, деб аташади.

- 1980 йилларнинг охири эди. “Нурли-нурли” қўшиғи билан мамлакатимизда машҳур бўлиб кетган қўқонлик марҳум санъаткор Сиддиқ Мўминов туманимизда концерт берди. Тўс тўполонда бир иложини қилиб у билан кўришишга муяссар бўлдим. Гап орасида ўзбекона лутф билан уйга ўтинг ош дамлаб бераман, дедим. Бир маҳал кечга яқин санъаткор укамиз кутилмаганда остона ҳатлаб кириб келса бўладими. Ош дамлашга ҳам, кутиб олишга ҳам тайёр эмасдим. У пайтларда шароитларимиз ҳам унчалик эмас эди. Амаллаб тушонкадан ош дамлаб бердим. Тасаввур қиляпсизми?! Кетар чоғида менга билдирмай миннатдорчилик сифатида янги дафтарга мўлроқ пул ва ўз дастхати билан тилак ёзиб кетибди. Ҳаммаси мана шу кундан бошланди. Мана 30 йилдан буён шу менинг севимли машғулотимга айланган.

Мавлудахон опа дастхат йиғиш билан бирга, хонадонида минга яқин дастхат туширилган календарлар, 500 га яқин концерт билетлари, санъаткорлар билан тушган фотосуратлар коллекциясини ҳам тўплайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!