Расул Кушербаев: «Украинанинг чекловларига қарши ҳукуматимиз ҳам чора кўришга тайёр туриши керак»

Расул Кушербаев: «Украинанинг чекловларига қарши ҳукуматимиз ҳам чора кўришга тайёр туриши керак»

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон автомобилларининг Украина бозоридаги эркин савдосини чеклаш бўйича уюштирилаётган текширув ва бошқа чораларига нисбатан муносабатини билдирди:

Мамлакат ривожланишининг асосий омили иқтисодий барқарорлик билан боғлиқ бўлса, иқтисодиётнинг ўсишида ҳориж давлатлари билан ўзаро савдо ва товар айирбошлаш даражасининг ўсиши муҳим ўрин тутади. Бундай алоқалар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди албатта. Иқтисодий-ижтимоий алоқаларнинг қандай соҳада бўлишидан қатъи назар унинг негизида дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари ётади. Агар халқлар ва давлатлар ўртасида ўзаро тенгликка асосланган дўстона алоқалар бўлмас экан, бирорта ҳам соҳада ҳамкорлик бўлмайди.

Биз Украиналик ҳамкасбларимиз ва масъулларнинг Ўзбекистон автомобилларининг Украина бозоридаги эркин савдосини чеклаш бўйича уюштирилаётган (агар шундай аташ мумкин бўлса) текширув ва бошқа чораларни сунъийликка асосланмаган бўлишига умид қиламиз. Нима бўлганда ҳам бундай ҳаракатлар халқлар ўртасидаги узоқ йиллик дўстликка, ўзаро ишонч ва ҳурматга, давлатлар ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг мустаҳкамлигига путур етказмаслиги керак.

Украина иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги Украина халқаро савдо бўйича идоралараро комиссияси томонидан текширувларнинг шаффоф ва ҳаққоний бўлишини таъминлашлари керак. Гап Ўзбекистон автомобилсозлари фаолияти ҳақида кетар экан, турли ахборот босими ва чағитувчи маълумотлардан ҳоли бўлган вазиятда текширишлар Ўзбекистонда олиб борилиши керак. Бироқ бу каби чораларни бошлашга нима ва қандай сабаблар асос бўлаётганлиги, одамни ҳайрон қолдирмоқда.

Бизга маълум бўлишича, украиналик автомобил ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси ўзбек автомобиллари Украина автомобил саноатига зарар етказаётгани бўйича шикояти асосида текширувни ўтказишга қарор қилган. Мақсад Ўзбекистон товарлари импортига чеклов қўйиш бўлса, нима учун Украина товарларига нисбатан Ўзбекистонда ҳам бунинг аксини қилиш мумкин эмас? Нима учун буни ўйлаб кўриш керак эмас?

Ўзбекистонга охирги уч йилда Украинадан 642 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинган бўлса, биздан уларга 169 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган холос. Бундан ташқари Украина товарларидан 142 миллиард сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, 510 миллиард сўмлик имтиёз қўлланган. Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам Украина маҳсулотлари импорти ўрнини босувчи, шу жумладан, кондитер, ёғ-мой, дори воситалари, шакар каби маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар етарли даражада. Бироқ шундай бўлса-да, импорт сифатида бизнинг бозоримизга кириб келаётган бундай маҳсулотларни чеклаш бўйича қандайдир махсус текширувлар уюштирилаётгани йўқ-ку. Бундай қарама-қарши чекловлар ортидан кимга қандай зарар бўлиши мумкинлигини билиш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас.

Миллий бозорни ҳимоя қилиш биз учун ҳам муҳим масала. Бироқ биз, биринчи навбатда, иқтисодий фойдадан кўра, ўзаро дўстлик ва ҳурматга путур етмаслигини истаймиз. Шу боис, украиналик дўстларимиз, ҳамкасб депутатлар узоқ йиллардан буён мавжуд илиқ муносабатлар, халқларимиз дўстлигигига путур етказмайдиган қадамлар қўйиш ҳақида соғлом фикрли қарор қабул қилишларига умид қиламиз. Ва дўстларимизнинг бизга қилаётган муносабат ва чораларига қарши чора кўришга доим тайёрлигимизни, керак бўлса, ҳукуматимиз бу бўйича зарур чораларни кўриб қўйишлари кераклигини билдирмоқчимиз, — дея қайд этган Расул Кушербаев.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!