Расман: Жо Байден АҚШнинг 46-президенти

Расман: Жо Байден АҚШнинг 46-президенти

АҚШ президентлигига демократлар партиясидан номзод қилиб кўрсатилган собиқ вице-президент Жо Байден мамлакатдаги президентлик сайловларида ғолиб бўлди.

АҚШда сайлов ғолибини расман тасдиқловчи вакиллар кенгашидаги овоз бериш натижалари якунланмай туриб Жо Байден ғолиб бўлгани маълум бўлди. Калифорниядаги 55 та вакиллик овозини олгани Байденнинг ғалабани қўлга киритиши учун етарли бўлди. Энди уни расман АҚШнинг 46-президенти деб аташ мумкин.

АҚШда президентлик сайловлари икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда сайловчилар ўзига хос вакилларни сайлайдилар, иккинчи босқичда вакиллар ўзларига овоз берган одамлар номидан президентни сайлайди. Вакиллик овозлари умумий ҳисобда 538 тани ташкил этади. Овозлари штатларга аҳоли сонига қараб тақсимланган. Масалан, 40 миллион америкалик яшайдиган Калифорния штатига энг кўп (55 та) вакиллик овози берилган. Азалий демокларлар штати бўлган Калифорниядаги ғалаба бу гал ҳам демократ номзод ғалабаси учун ҳал қилувчи бўлди.

Вакиллик овозлари тўлиқ ҳисобланмаган ҳолатда Жо Байден айни дамда 302 га 232 фарқ билан ғалабани расмийлаштириб бўлди. АҚШ президентлик сайловларидаги ғалаба учун 270 та вакиллик овозининг ўзи кифоя ва Байден аллақачон керагидан 32 та кўпроқ овоз олиб бўлди. Ҳавайидаги охирги овозлар ҳам тез орада ҳисоблаб бўлинади.

Одатда вакиллик кенгаши овозлари шунчаки сайлов натижаларини расмийлаштириб қўйиш учун хизмат қиларди, бироқ бу йил кенгаш натижасини бутун мамлакат кутди. Чунки сайловлар 3 ноябрда ўтказилган бўлишига қарамай, натижалар 40 кун ўтгач ҳам маълум қилинмади. Сабаби жуда кўп америкаликлар сайловларда почта орқали овоз берди. Уларни ҳисоблаш эса керагидан кўпроқ вактни талаб қилди. Амалдаги президент Дональд Трамп эса почта орқали овоз бериш натижаларни сохталаштириш учун шароит яратгани ҳақида гапириб келади.

АҚШдаги йирик ОАВлар Байденнинг ғалабасини сайловдан бир неча кун ўтибоқ эълон қилганди, лекин демократнинг ғалабаси расман тасдиқланмаётганди. Вакиллик кенгашида тўпланган етали овоз эса Байденни АҚШнинг 46-президенти деб аташга имкон беради. Конгресс 6 январ куни Байден сайловда ғолиб бўлганини расман тасдиқлайди. 20 январ куни эса Жо Байденнинг инаугурация маросими ўтказилади. Ўша куни АҚШ вақти билан тушга қадар Дональд Трамп чекланган ваколатлар билан АҚШнинг амалдаги президенти вазифасида қолади. Инаугурация маросими вактидаги миллатга қасамёдидан кейин эса Жо Байден расман АҚШнинг 46-президентига айланади.

Мамлакатнинг амалдаги президенти Дональд Трамп эса кетма-кет икки муддат президентликка сайланмагани сабаб кейинги президентлик сайловларида ўз номзодини қўйиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Чунки АҚШ қонунчилигига кўра, белгиланган талабларга мос келувчи ҳар бир фуқаро икки марта мамлакат президенти лавозимига сайланиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!