Рақобат қўмитаси 8 та тиббиёт марказига нархларни арзонлаштириш бўйича кўрсатма берди
Ўзбекистон Рақобат қўмитаси томонидан 8 та республика ва ҳудудий илмий-амалий тиббиёт марказларига нархларни мақбуллаштириш бўйича кўрсатма берилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, апрелда бошланган текширувлар доирасида майга қадар қуйидаги 8 та йирик тиббиёт марказида ўрганишлар ўтказилган:
Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази;
Кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази;
Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази;
Хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази;
Урология илмий-амалий тиббиёт маркази;
Терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази;
Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази;
Дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази.
Дастлабки натижаларга кўра, айрим ҳолатларда тарифларни шакллантириш бўйича белгиланган талабларга тўлиқ риоя этилмагани аниқланган.
“Шу муносабат билан ўрганиш ўтказилган марказларга тарифларни амалдаги тартиб ва талаблар асосида қайта шакллантириш ҳамда нархларни мақбуллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, ўрганишлар якуни бўйича тиббий хизматлар тарифларини мақбуллаштиришга қаратилган умумлаштирилган таклифлар ишлаб чиқилиб, ваколатли давлат органларига юборилади.
