Рақамлаштириш — давр талаби

Рақамлаштириш — давр талаби

Сўнгги йилларда рақамли технологияларни суд органлари фаолиятига жорий этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга асосан амалдаги қонунчиликка суд органлари фаолиятига рақамли технологияларни жорий қилишга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш билан боғлиқ нормалар белгиланди.

Қарорга мувофиқ, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

- фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;

- судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;

- махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

- суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;

- суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ҳамда Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Дастурда 2021-2023 йилларда барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш, суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш, суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш, судларнинг ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш каби чора-тадбирлар белгиланди.

Қарор билан тасдиқланган, юқорида кўрсатиб ўтилган йўл харитаси асосида бир қатор вазифалар, жумладан:

- 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;

- судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;

- муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

- судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;

- судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш каби вазифалар белгиланди.

Яна бир ўзгартиришга кўра, эндиликда Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.

Шу билан бир қаторда, қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этиш назарда тутилган бўлиб, мазкур тизим давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш каби имкониятларни тақдим этади.

Жорий йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш, шунингдек Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўриш ҳам қарорда алоҳида назарда тутилган.

Юқоридагилардан ташқари, Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар томонидан электрон мурожаат қилиш, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифаларни ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танлаш, Судьялар олий мактабига унинг расмий веб-сайти орқали ариза ва мурожаатларни йўллаш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини электрон тарзда шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилишдан иборат бўлган тартибларни ўрнатиш белгиланди.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, юқорида қайд этилган имкониятларнинг пайдо бўлиши ишларни ўз вақтида ва сифатли кўриш билан бирга фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини янада оширишдан иборатдир.

 

Ш.Бакаев

Жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди раиси


Ф.Тураходжаев

Жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!