Рафиқасини фарзандининг ахлатини ейишга мажбур қилган эрга ҳукм ўқилди

Рафиқасини фарзандининг ахлатини ейишга мажбур қилган эрга ҳукм ўқилди

Ҳозирги даврнинг глобал муаммоларидан бири бу — гиёҳвандликдир. Шу боис бутун дунёда, хусусан, юртимизда унга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Бироқ бугун айрим кимсалар гиёҳвандликнинг бошқача йўлини ўйлаб топишган: «Лирика», «Трамадол» каби дори воситаларини истеъмол қилишади. Гиёҳвандликка, одатда, иродаси кучсиз, ўзини тия олмайдиган, ўткир сезгиларни ўзида синаб кўришга қизиқувчан, руҳан заиф ва ўта худбин кишилар берилувчан бўлади. Навбатдаги воқеамиз қаҳрамони ҳам юқорида номлари келтирилган дорилар таъсирида инсон эшитса, эти сесканадиган разил жиноятга қўл урганини билмай қолди...

Муттасил хўрлаб келган

Раҳим Иброҳимов (исми-шарифлар ўзгартирилган) 2009 йилдан 2020 йилга қадар бирга яшаб келган турмуш ўртоғи Динора Иброҳимовани турли хил баҳоналар билан калтаклаб, баданига санчқи тиқиб, азоблаб келган. Уни муттасил равишда хўрлаган. Раҳим Иброҳимов инсонийликка хос бўлмаган ҳатти-ҳаракатларини давом эттириб, хотини Динора Иброҳимовани уриш билан бир қаторда Вояга етмаган фарзанди Ирода Иброҳимованинг ахлатини ейишга мажбур қилган.

“Нега тувакни тозаламадинг?”

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Раҳим Иброҳимов айбини тан олмай, қуйидагича кўрсатма берди:

— Мен турмуш ўртоғим Динора Иброҳимовани муттасил равишда хўрламаганман, фақат шу кунгача ҳаммада бўлганидек, бизда ҳам турли низолар, оилавий жанжаллар бўлиб келган. Аксарият ҳолларда бир-икки шапалоқ урганман, холос. У билан тортишиб қолганимда ИИБга ариза билан мурожаат қилганди. Шунда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 52-моддаси билан Мирзо Улуғбек тумани маъмурий суди томонидан айбли, деб топилгандим. Воқеа юз берган куни кўчадан келиб, уйга кирсам, тувакда кенжа қизимнинг ахлати қолиб кетган экан. Бундан жаҳлим чиқиб, Динорага “Нега тувакни тозаламадинг?” дедим. “Ҳар доим ўзингиз тўкиб, тозалаб қўярдингиз-ку”, деганидан жаҳлим чиқиб, ўша ерда турган тахта билан бир неча маротаба урдим. Буни қизим Манзура видеотасвирга олган. Бироқ хотинимни мажбурлаб, “ахлатни,е” деганим йўқ.

“Фарзандларим туфайли хурмача қилиқларига чидаб келдим...”

Суд мажлисида жабрланувчи сифатида сўроқ қилинган Динора Иброҳимова қуйидагиларни гапириб берди:

— Турмуш ўртоғим Раҳим Иброҳимов штатлар қисқариши муносабати билан ишдан бўшатилганидан кейин тамоман бошқа - тирноқ остидан кир қидириб, жанжал излайдиган одамга айланди. Ўртада икки нафар фарзандим борлиги туфайли унинг хурмача қилиқларига чидаб келдим. У мени “Агар ажрашадиган бўлсанг юзингга кислота сепиб юбораман”, “Одамим бор, любой ишни қиладиган, сени ўлдирвораман” деб қўрқитарди. У ҳатто қизим Манзурага ҳам қўл кўтарадиган бўлди. Эрим “Трамадол” каби бир қатор дори воситаларни истеъмол қилар, ушбу дориларнинг таъсирида қутуриб, жанжал кўтарарди. Ўша куниям кўчадан кўзлари қизариб кириб келди, йўқ жойдан жанжал кўтарди. Тахта билан калтаклаб, мени фарзандимнинг тувакда турган ахлатини ейишга мажбурлади. Қўрққанимдан унинг буйруғини бажардим, эрим Манзурага бўлаётган ҳолатни видеотасвирга олишни буюрди. “Ахлат еётганингни бошқаларга тарқатаман”, деб устимдан кулди. Шу орада қизим Манзура холамга СМС хабар ёзиб, ёрдам сўрабди. Холам етиб келгач, биргаликда ИИБ га бориб, эримга қонуний чора кўриш ҳақида ариза ёздим.

“Дори олиб келишга мажбурлар эди...”

Суд мажлисида қонуний вакил Д.Иброҳимова иштирокида вояга етмаган гувоҳ Манзура Иброҳимова қуйидагиларни баён қилди:

— Отам Раҳим Иброҳимов онам Динора Иброҳимовани арзимаган сабаблар билан ҳам калтакларди. Ўтган икки йил мобайнида отам мени уйимиз яқинида жойлашган дорихонага юбориб, ўша ерда ишлайдиган таниши Равшан акадан бир неча турдаги “Лирика” каби бир неча турдаги дори воситаларини олиб келишга мажбурлади. Отам дориларни истеъмол қилганидан кейин онамни турли қийноқларга соларди. Ўша куни ҳам отам кўчадан кўзлари қизариб кириб келди. Онамни калтаклаб, синглимнинг тувакдаги ахлатини ейишга мажбурлади. Менга “Агар битта нотўғри ҳаракат қилсанг, сени ҳам ўлдираман, шу ерга кўмаман, бўлаётган воқеани видеога ол”, деб буюрди. Отамнинг важоҳатидан қўрқиб, айтганини қилдим. Кейин қулай пайт пойлаб, холамга СМС ёздим.

Жиноятчига жазо тайинланди

Раҳим Иброҳимов Жиноят кодексининг 110-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, шу моддага асосан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Владислав Цветков,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси,

Лола Шоимова, журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!