Қуёш йиғла, осмон аза тут, Ҳалимаси кетди ўзбекнинг!

Қуёш йиғла, осмон аза тут, Ҳалимаси кетди ўзбекнинг!

Ўзбекистон халқ шоири, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиева 17 август куни 71 ёшида оламдан кўз юмди. Бу ҳақда “Qalampir.uz” манбаси хабар берди. Ҳалима Худойбердиева нима сабаб вафот этгани маълум эмас. 

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент давлат университетида таълим олди. Сўнгра “Саодат” журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди.

Шу давр оралиғида у Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди. У “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди. “Ёзувчи” нашриётида етакчи мутахассис ва “Гулистон” журналида адабиёт бўлимини бошқарди.
 
Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг “Илк муҳаббат” (1968), “Оқ олмалар” (1973), “Чаман” (1974), “Суянч тоғларим” (1976), “Бобо қуёш”(1977), “Иссиқ қор”(1979), “Садоқат” (1983), “Муқаддас аёл” (1987), “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” (1991), “Ҳурлик ўти” (1993), “Бу кунларга етганлар бор” (1994), “Тўмариснинг айтгани” (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган. У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилди.

Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов асарларидан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳалима Худойбердиева маҳоратли публицист сифатида ҳам шуҳрат қозонди. Унинг “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилган.

Унинг жўшқин шеърияти ёрдамида инсонларни руҳлантириш, уларга ирода, матонат, бағрикенглик ва ҳар қандай шароитда ҳам ўз ижодига содиқ қолишдан иборат ибрат мактаби муносиб баҳоланиб, 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони билан тақдирланган.
 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!