Қувалик йигит инспектор билан «суҳбат»дан сўнг вафот этгани бўйича жиноят иши қўзғатиш рад қилинди

Қувалик йигит инспектор билан «суҳбат»дан сўнг вафот этгани бўйича жиноят иши қўзғатиш рад қилинди

Аввалроқ қувалик 20 яшар Аҳрор Анваров инспектор билан "суҳбат"дан кейин вафот этгани кўплаб шов-шувларга сабаб бўлганди. Бу ўлим юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган далиллар асосида мазкур ҳодисада жиноят таркиби йўқ деб топилган. Бош прокуратура матбуот хизматининг "Aniq.uz"га маълум қилишича, ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилинган. 

Жорий йилнинг 02 апрель куни соат 10:00 ларда Қува туман прокуратурасига туман ИИБ навбатчилик қисмидан Қува тумани, Пахтакор МФЙ, Ёшлик кўчаси, 289-уйда яшовчи 01.03.2001 йилда туғилган А.Анваров Тошкент МФЙ, ҳудудидаги Қўрғонча гузари олдида пиёда ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўсатдан вафот этганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Мазкур хабарга асосан ҳодиса жойи ва А.Анваровнинг мурдаси Қува туман прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан крим-техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Аниқланишича, А.Анваров 02.04.2021 йил соат 09:30 лар атрофида яшаш уйидан, тумандаги Тошкент МФЙ худудида жойлашган бетон ғишт ишлаб чиқариш цеҳидаги ишчиларига овқат олиб келиб, цеҳга ташлаб, мазкур МФЙ марказида жойлашган маҳалла гузари ёнидан пиёда ўтиб кетаётган вақтида, тўсатдан соғлиғи ёмонлашиб, йўл четида йиқилиб тушган. Шунда бу ҳолатга гувоҳ бўлган маҳалла гузари қоравули А.Асқаров А.Анваровни қариндошлари ва шу ерда яшовчи фуқароларни ёрдамга чақириб, уни гузардаги сўрига жойлаштириб, бу ҳақида тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилган.  Шифохонага олиб бориш жараёнида А.Анваров йўлда вафот этган.

Судга оид тиббий экспертизасининг 29.04.2021 йилдаги 155-сонли хулосасида А.Анваровнинг ўлимига “Юрак тож қон томирларини атеросклерози ва юракни ўткир ишемик касаллиги оқибатида юзага келган ўткир коронар етишмовчилиги” натижасида вужудга келганлиги қайд этилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида А.Анваровнинг яқин қариндошлари, оила аъзоларилари, қўни-қўшнилари, ҳодиса гувоҳлари ва у билан охирги маротаба мулоқатда бўлган жами 26 нафар шахслардан тушунтириш хатлари олинганида улар томонидан бирон-бир жиноят ёки шубҳали ҳолатлар тўғрисида кўрсатмалар берилмаган.

Бундан ташқари, мазкур ҳолат бўйича интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқалган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва бошқа ҳолатлар юзасидан 03.04.2021 йилда туман ИИБ ходимлари ва шифокорларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари ўтказилган.

Аниқланишича,  31.03.2021  йилда туман ИИБнинг 3 нафар профилактика инспекторлари томонидан А.Анваров билан унинг отаси Ё.Халилов ҳамда 2 нафар амакилари А.Халилов ҳамда У.Халиловлар иштирокида карантин қоидаларига риоя этилиши юзасидан профилактик суҳбат ўтказилганлиги, уларга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан  жисмоний ва руҳий тазийқлар ўтказилмаганлиги қайд этилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган объектив далилларга кўра, А.Анваровни вафот этганлиги ҳолатида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Қува туман прокуратураси терговчиси З.Каримов томонидан 30.04.2021 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қабул қилинган қарор ва текшириш материали вилоят прокуратураси томонидан назорат тартибида кўриб чиқилиб, қарорнинг қонунийлиги юзасидан 01.05.2021 йилда хулоса қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!