Ана холос! Қўшработда худосизлик ниҳоятда кучлими?

Ана холос! Қўшработда худосизлик ниҳоятда кучлими?

Вилоят ҳокими топшириғи билан тузилган Жамоатчилик Назорат Гуруҳи (ЖНГ) Қўшработ туманида ишлаяпти.

Ўзим ишлаётган маҳаллани ҳам, қўшни маҳаллаларни ҳам суриштирдим, биттасида ҳам масжид йўқ. Бори ҳам ёпиб ташланган. Биронта маҳалла масжидида намоз ўқилмайди.

Қўшработда атеизм ниҳоятда кучли экан!

Нега чашмалар қуриганининг, нега қудуқлардан “сув қочиб кетгани”нинг сабабини англагандай бўлдим.

Азон овози эшитилиб турган ергача шайтон қочар экан. Қўшработда азон овозини эшитмадим.

Жўш атрофидаги битта ҳам маҳалла масжиди қолмаган, ҳаммаси ёпилган. Битта Жўшдаги масжидга рухсат берилган экан. Бугун, 8 август, чоршанба куни шом намозини жамоат билан адо қилай, Қўшработлик намозхонларни кўрай, дея Жўшга бордим...

Ўзим азон айтдим, ўзим такбир айтдим, ўзим намоз ўқидим.

Битта ҳам намозхони бўлмаган масжиднинг тўрт тарафидан видеокамералар менга қараб турарди. Уларга қараб мурожааат қилдим: “Имом-хатиб жаноблари! “Масжидларнинг ҳақини адо қилинглар”, деганлар Пайғамбар алайҳиссалом, қани масжиднинг ҳақини адо қилганларингиз? Ёнгинангиздаги тўйхоналар тўла! Ҳаммасида қийқириқ! Кайфу сафо! Масжидда бир киши ҳам йўқ!”

Худо чашмаларингдаги сувни олибди, қудуқларингни қуритибди, бу сизларга бир огоҳлантириш эмасми? Қачон кўзларинг очилади? Каттароқ бир бало келсами? Азон айтиб, намоз ўқиб, дуо қилиб, бу балоларни даф қилмайсизларми? Элнинг чашмасига, қудуғига сув сўрамайсизларми?

Ҳар бир маҳалла масжидида беш вақт намоз ўқилишига рухсат берилиши шарт!

Майли жума намозларини маҳаллада ўқишмасин, ийд намозларини ўқишмасин, аммо беш вақт намозларини ўқиб туришсин!

Элда азон айтилиб турсин!

Элга бало келмасин!

Каримберди ТЎРАМУРОД,

Azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!