Қўшни давлатлардан ўқишни кўчиришда қалбаки ҳужжат топшираётганлар аниқланмоқда

Қўшни давлатлардан ўқишни кўчиришда қалбаки ҳужжат топшираётганлар аниқланмоқда

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшни давлатлардаги ОТМлардан ўқишини кўчириш бўйича мурожаат қилаётган фуқаролар ва уларнинг ота-оналарига огоҳлантириш билан чиқди.

Вазирликнинг Ҳудудий ишчи гуруҳларига фуқаролар томонидан қалбаки (сохта, ясама) ҳужжатлар топширилаётганлиги аниқланаётган экан.

Вазирлик айтишича, ариза топширган фуқароларнинг ҳужжатлари тўлиқ текширилади ва қалбаки ҳужжатлар аниқланган тақдирда талабаликка қабул қилинмайди ҳамда ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилади.

Шу сабабли Сизларга кимлардир қўшни давлатлардаги ОТМлардан бирида ўқиганлик тўғрисидаги қалбаки ҳужжат қилиб беришни таклиф этаётган бўлса, унда бундай таъмагир ва фирибгарларнинг таклифларидан эҳтиёт бўлинг, эртага бошингизга бало орттириб олманг, дейишмоқчи.

Ўз-ўзидан Сизда савол туғилиши мумкин, шундоқ ҳам қўшни давлатдан ҳамма талабалар имтиҳонсиз ўқишни кўчира олишса, унда қалбаки ҳужжат нимага керак?

Бундай қалбаки ҳужжатларни асосан 2 та ҳолатда тайёрлаш таклиф қилишлари мумкин:

1) умуман ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ўтган йиллари ўқишдан йиқилганларни худдики Қозоғистон, Қирғизистон ёки Тожикистонда ўқияпти, деган мазмунда сохта ҳужжат тайёрлаб бериш. Уёқдаги хусусий ОТМларга ҳам нима фарқи бор, битта маълумотномани фалон пулга қилиб беришади, ҳеч нарса йўқотмайди. Шу баҳона қарабсизки, йўқ жойдан кимлардир баҳорга келиб 1-курсдан ўзимизда ўқишни бошлаши мумкин;

2) Ҳақиқатдан қўшни давлатда ўқиётган талабалар йўналиши ҳақида сохта ҳужжат тайёрлайди. Масалан, аграр соҳада ўқиётганлар бир амаллаб юриспруденция ёки тиббиёт йўналишида ўқиётганлиги ҳақида маълумотнома олиб, Ўзбекистонда шу йўналишларга ўқишини кўчириб олишга ҳаракат қилишмоқда.

Яхши биласизларку, бизда аксарият талабаларнинг келажак учун ўз олдига қўйган аниқ мақсади ва режаси йўқ. Уларга соҳа ёки йўналиш қизиқмас, диплом бўлса кифоя. Шу сабабли 1 ёки 2-курсдан кейин бир юмалаб умуман бошқа соҳага ўтиб кетаверади. "Фалон соҳа зўр" деса бўлди, ўша ёққа қараб кетаверади.

Вазирлик бундай қалбаки ҳужжатларга қарши қандай йўл билан курашаётганлигини аниқ билмадиму, лекин албатта бу бўйича ўта қатъий туриш керак. Чунки Ҳукуматнинг ушбу қароридан айримлар росаааа «соққа» қилиш илинжида югуриб юргани бор гап.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!