Қўшмачилик касб бўлганми?..

Қўшмачилик касб бўлганми?..

Муқаддам шундай жинояти учун 6 марта судланган аёл жиноий шериклари билан бирга яна шу жиноят кўчасига қадам қўйди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида қўшмачиликни ўзига касб қилиб олган аёлларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Улардан икки нафари, яъни М.Насриддинова ва С.Қўчқарова мазкур жиноятлари учун биринчи маротаба судланган бўлса-да, минг таассуфки, судланувчи М.Шарипова учун бу сафаргиси, иккинчиси ёки учинчиси эмас, нақ еттинчи маротаба судланиши эди.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Шарипова Махбуба Хамидовна муқаддам бир неча маротаба судланганлигидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмасдан, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда бир гуруҳ бўлиб, фохишахона ташкил этиш ёки сақлаш, шунингдек, ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш жиноятини содир этган.

Жумладан, 2019 йил 06 ноябрь куни соат 20:30 лар чамасида ўзининг жиноий шериклари Насриддинова Мукаррам Хасанбой қизи ва Қўчқарова Сурайё Турғинали қизлари билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Наманган шаҳри, 5 “А”-кичик туман, 64-уй, 26-хонадонда 300.000 сўм пул эвазига фуқаролар Турсунбоев Собитхон Ахмадхон ўғли билан Шокирова Зилола Бахтиёржон қизини ҳамда Юнусов Ёсинхон Махмуджон ўғли билан Қўчқарова Барчиной Ахмадали қизиларни жинсий алоқа қилишлари учун шарт-шароит яратиб берганлиги аниқланган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида М.Насриддиновадан 200.000 сўм, С.Қўчқаровадан 100.000 сўм, жами кимёвий ишлов берилган 300.000 сўм пуллар ҳолислар иштирокида текшириб кўришлик учун ИИБга олинган, шунингдек фуқаро С.Турсунбоевдан баённома орқали олинган 1 дона DVD диск ва тадбир жараёнида фойдаланилган 7 дона пакетлар далилий ашё сифатида эътироф этилган.

Суд мажлисида М.Шарипова унга нисбатан эълон қилинган айбловга иқрор эмаслигини билдириб кўрсатма берган бўлса-да, унинг айби ишда текширилган ҳолатлар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, сўзлашув стенограммаси ва ўзининг терговдаги дастлабки “мен шу содир этган қўшмачилик жиноятимдан қаттиқ пушаймонман, иккинчи бундай ҳолатлар қайтарилмайди, мени кечириб, қонуний енгиллик беришларингизни илтимос қиламан” деб берган кўрсатмаси билан ўз тасдиғини топди.

Якунда судланувчи М.Шарипова Ўзбекистон Республикаси 131-моддаси 4-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, унга шу модда билан 5 (беш) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бахтиёр ТАВАККАЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг раиси

Дилмурод АБДУЛЛАЖАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди раисининг ёрдамчиси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!