Қуролли Кучлар тизимида ҳар жума “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди

Қуролли Кучлар тизимида ҳар жума “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 3898-сон қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди. 

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу кунда маънавий-маърифий тадбирлар орқали нималарга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги белгилаб берилди.

Унга кўра, буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятидаги ёрқин мисолларни тарғиб қилиш орқали ёшлар ва ҳарбий хизматчиларда жасурлик ва мардлик, фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг маънавий-маърифий билимларини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига содиқлик, Қуролли Кучларга ҳурмат туйғусини шакллантириш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, ҳарбий қисм ва бўлинмаларда тўпланган энг илғор тажрибалар, жанговар тайёргарликда эришилаётган ютуқлар, мамлакатимиз тарихидаги ёрқин воқеаларни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиб бориш мақсадида учрашувлар, ҳарбий қисмларга ташрифлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорга асосан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиянинг Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларига ҳамда фуқароларга “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилади. Мудофаа вазирлигида Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси тузилиши, ҳарбий қисмларда “ҳарбий психолог”, “психолог”, “етакчи социолог”, “ҳарбий қисм командирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси — Маданият маркази бошлиғи” лавозимлари, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, Қуролли Кучлари Академияси Умумқўшин факультети базасида қўшимча “Қўмондонлик-тактик тарбиявий ва мафкуравий ишлар” мутахассислиги бўйича офицерлар тайёрлаш таълим тизими жорий этилиши миллий армияда маънавий-маърифий ишлар тубдан такомиллашишини таъминлайди.

Manba: kun.uz

Бўлимга тегишли бошқа хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!