Қурилиш корхонаси 2,3 млрд сўм ва 9 машинани ўзлаштириб юборди

Қурилиш корхонаси 2,3 млрд сўм ва 9 машинани ўзлаштириб юборди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт қурилиш” инжиниринг давлат унитар корхонаси охирги 3 йилда 2,3 млрд. сўм ва 9 та машинани ўзлаштириб юборгани аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти корхонанинг 2016-2019 йиллардаги фаолиятини текшириб чиққан.

Унга кўра, корхона мансабдор шахслари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бино ва иншоотларни таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган жами 2,3 млрд. сўмни яқин қариндошларига қарашли хўжалик юритувчи субъектларга амалда кўрсатилмаган дезинфекция ва компьютер хизматлари, ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш ишлари учун ўтказиб бериб, талон-торож қилган.

Бундан ташқари, улар жиноий йўл билан топилган пул маблағларининг асл манбаини яшириб, мулкка айлантириш мақсадида, “Labo”, “Nexia-3”, “Cobalt”, “Lacetti” ва “Malibu-2” русумли жами 9 та машинани харид қилишиб, жиноий йўл билан топилган даромадларини легаллаштиришган.

Текширув давомида давлат манфаатларига етказилган зарардан 1,1 млрд. сўми қопланган.

Ҳозирда, мазкур ҳолатлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Тиббиёт қурилиш” инжиниринг давлат унитар корхонаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!