Қўли “энг узун” онамиз

Қўли “энг узун” онамиз

Ойша онамиз ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Сизлардан менга тезроқ етиб оладиганингиз – қўли узунингиз”, дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин бирортамизнинг уйимизда тўплансак, қўлимизни ўлчаб кўрардик. Зайнаб бинти Жаҳш вафот этгунича шундоқ бўлди. У вафот этгандан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўлнинг узунлигидан садақани ирода қилганларини билиб олдик. Зайнаб моҳир аёл эди. Тери ошлар, тикар ва (топган маблағини) Аллоҳ йўлида садақа қиларди» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Маккада, ҳижратдан тахминан ўттиз йил олдин таваллуд топди. Асли исми Барра. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга Зайнаб деб ном берганлар. Куняси: Умму Ҳакам. Отаси: Жаҳш ибн Риёб. Онаси: Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аммалари Умайма бинти Абдулмутталиб. Саҳобий Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг синглиси. Аслзода, ёш, гўзал ва Қурайшнинг кўзга кўринган аёлларидан бўлган.

Ҳижратнинг бешинчи йили, Бану Қурайза воқеасидан сўнг зулқаъда ойида Зайнаб бинти Жаҳш билан Набий алайҳиссаломнинг никоҳ тўйлари
бўлиб ўтди. Анас розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйланиб, аҳллари ёнига кирганларида онам ҳийс (таом) ҳозирлаб, идишга солди ва: “Эй Анас, Набий алайҳиссаломга буни олиб бор ва: “Онам бериб юборди. Сизга салом йўлламоқда”, деб айтишимни буюрди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб, онамнинг омонатларини етказдим. У зот алайҳиссалом: “Уни қўй!” дедилар: “Энди фалончиларни ва йўлингда учраган одамларни ҳам айтиб кел”, деб бир қанча исмларни айтдилар. Айтганларидек қилдим. Сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Анас, таврни олиб кел!” дедилар. Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетди. (Ривоятга кўра, ўшанда уч юз киши тўпланган.) Набий алайҳиссалом: “Ўнта-ўнтадан ҳалқа бўлиб ўтиринг, ҳар ким ўз олдидан есин”, дедилар. Одамлар гуруҳ-гуруҳ ҳолда, бирин-кетин кириб, ҳаммалари ейишди ва тўйишди. Сўнг у зот алайҳиссалом: “Эй Анас, кўтар!” дедилар. Билмайман: олиб келганимда (таом) кўпмиди ёки қайтариб олганимдами? Айрим меҳмонлар гаплашиб қолишди. Набий алайҳиссалом ҳам ўтирардилар. Аёллари эса юзини деворга ўгириб олганди. Бу ҳолат Пайғамбаримиз алай­ҳиссаломга оғир келди. Ташқарига чиқиб бошқа аёлларига салом бериб келдилар.

Меҳмонлар Набий алайҳиссаломни безовта қилишаётганини тушуниб, чиқиб кетишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом пардани тушириб, ичкарига кирдилар. Мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай олдимга чиқдилар. Аллоҳ у зотга: “Эй имон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина киринг!..” (Аҳзоб сураси, 53) оятини сўнгигача нозил этди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу валима маънавий, ру­ҳий барака бўлди. Сабаби, унда қиёматга қадар тиловат қилинувчи оят нозил бўлди. Бу ҳам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳонинг фазли ва шарафига далил. У киши бошқа оналаримизга: “Сиз­ларни ота-онангиз, қариндош-­уруғингиз Набий алайҳис­са­ломга никоҳлаб берган. Мени эса Арши аълода Аллоҳ таолонинг Ўзи никоҳлаган”, дер эди. Имом Бухорий ва Имом Мус­лим ривоятида Ойша онамиз Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳақида: “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг завжалари орасида фақат угина мен билан тенглаша олар эди”, ­деган.

Онамиз Набий алайҳиссаломни иложи борича хурсанд этишга ҳаракат қиларди. Бунинг учун қўлидан келган барча чорани қўлларди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам  бу муомалани дарҳол ҳис этардилар. Таҳрим сурасининг: “Эй Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир…” деб бошланган дастлабки оятларнинг нозил бўлиши сабаби ҳам Зайнаб розияллоҳу анҳонинг фазли қанчалик улуғ эканига далил.

Зайнаб онамиз розияллоҳу анҳо доимо вақтдан унумли фойдаланишга интиларди. Ҳар бир иши у зот алайҳиссаломнинг таълимотларига мувофиқ келишини истарди. Айниқса, кўп ибодат қилар эди. Имом Та­бароний раҳимаҳуллоҳ Рошид ибн Саъддан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз уйларига Умар ибн Хаттоб билан кирдилар. Қарасалар, Зайнаб розияллоҳу анҳо намозда дуо қилиб турибди. Набий алайҳиссалом: “Албатта, бу сер­қайғу (аёл)дир”, дедилар».

Эътикоф ўтиришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи эргашган ҳам шу онамиз эди. Шунингдек, у зот розияллоҳу анҳо ўзини Набий алайҳиссаломга жуда яқин олар ва бу билан фахрланарди. Гоҳида ўзларига ҳам айтарди: “Эй Аллоҳнинг расули, сизга уч нарса билан фахрланаман: насабимиз туташ; мени сизга Аллоҳ азза ва жалла никоҳлади; Жаброил алайҳиссалом орамизда элчи бўлди”. Ҳақиқатан, бу нарсалар билан ҳар қанча фахрланса, арзигулик.

Машҳур Ифк ҳодисасида онамиз ҳақ гапни айтиб, ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Бу ҳақда Ойша розияллоҳу анҳо ай­тади: «Набий алайҳиссалом мен ҳақимда Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган экан-лар. У: “Эй Аллоҳнинг расули, унинг ҳақида фақат яхшиликни биламан”, деган».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рафиқи Аълога рихлат қилишларидан олдин ҳам Зайнаб бинти Жаҳш онамизнинг шарафига шараф қўшадиган бир ҳадисни айтиб кетдилар. Унинг тўлиқ маъносини ўша вақтда ҳеч ким англамади. Аммо вақт ўтиб ҳадис маъноси ойдинлашди. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг менга тезроқ етиб оладиганингиз қўли узунингиз”, дедилар.

Зайнаб бинти Жаҳш онамиз ўн битта ҳа-дис ривоят қилди.

Ҳижрий йигирманчи санада умри охир-лаб қолганини ҳис этиб, бундай васият қилди: “Кафанимни тайёрлаб қўйдим. Агар Умар менга кафан юборса, иккисидан ­бирини садақа қилиб юборинг”. У зот ўша йили эллик уч ёшида вафот этди.

Зайнаб бинти Жаҳш онамиз усти ёпиқ тобутда кўтарилган биринчи аёл бўлди. Вафоти куни қаттиқ иссиқ бўлгани учун Умар розияллоҳу анҳу қабр устига чодир тортишга буюрди. Бу Бақиъда устига чодир тортилган биринчи қабр эди.

Манбалар асосида

Сурайё Муроджон қизи тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!