Қозоғистонда янги карантин чоралари: 26 октябрдан хорижий авиарейслар сони камайтирилади

Қозоғистонда янги карантин чоралари:  26 октябрдан хорижий авиарейслар сони камайтирилади

Қозоғистонда карантин чекловларини кучайтириш бўйича бир қатор янги қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Маълум қилинишича, 19 октябрь куни Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин раислигида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтган.

Ҳукумат раҳбарининг қайд этишича, мамлакат аҳолиси коронавирус хавфига қарши етарлича ҳушёрлик кўрсатмаяпти, ижтимоий масофага ва санитария талабларига, айниқса, жамоат жойларида ва транспортда ниқоб тақиш қоидаларига риоя қилинмаяпти. Асқар Мамин аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш ва санитария талабларига риоя қилиш бўйича ишларни кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Идоралараро комиссия қарорига асосан бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, чегара пунктларида санитария-эпидемиология назорати кучайтирилади. 26 октябрдан бошлаб хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятга боғлиқ равишда хорижий авиарейслар сони камайтирилади. Қозоғистонга келаётган барча фуқаролар, шу жумладан, Қозоғистон фуқаролари ҳам мажбурий тартибда ПЗР тести топшириши керак. Тест топширганлик ҳақидаги маълумотнома 3 кун давомида амал қилади. Шунингдек, 19 октябрдан ҳудудий лабораторияларда ПЗР тестининг нархи арзонлаштирилди.

Шу билан бирга, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда 24 октябрдан бошлаб шанба кунлари савдо-кўнгилочар марказлари, савдо уйлари ва ёпиқ бозорларнинг иши қайта тикланади. 26 октябрдан кинотеатрлар томошабинлар сиғими 30 фоиздан ошмаган ҳолда иш бошлайди.

Мактабгача таълим муассасалари, билярд ва компьютер клублари, кўнгилочар муассасалар, банкет заллари, тунги клублар фаолиятига қўйилган чекловлар сақлаб қолинади. Вилоятлараро йўловчи ташишга ва умумий вагонлардан фойдаланишга қўйилган тақиқлар ҳам ўз кучида қолади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!