Қозоғистонда портлашлар ҳамон тинмаяпти (видео)

Қозоғистонда портлашлар ҳамон тинмаяпти (видео)

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон (собиқ Жанубий Қозоғистон) вилояти Арис шаҳрида қурол-яроғ омборида портлаш содир бўлди. Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9 атрофида бошланган кучли портлашлар орадан 8 соатдан ўтган бўлса ҳам тинмаяпти.

  • Вилоят ҳокими Умирзоқ Шукеевнинг маълум қилишича, машинасига снаряд келиб урилиши натижасида бир киши ҳалок бўлган.
  • 31 киши жабрланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
  • Аҳоли эвакуация қилинмоқда.
  • Аҳоли портлаш содир бўлган жойдан 50 чақирим узоқликдаги Мунтайтас қишлоғи ва Чимкент шаҳрига олиб чиқилмоқда. Бунинг учун 56 та автобус ажратилган.
  • Чимкент шаҳрида 15 та эвакуация жойи ташкил қилингани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган видеоларда аҳоли топган машинада, топмаган пиёда шаҳарни тарк этаётганини кўриш мумкин. Шаҳардан чиқиб кетаётган одамлар ортида осмонга ўрлаган қуюқ тутун ва портлаш овозлари эшитилиб турибди.

Қозоғистон фавқулодда вазиятлар қўмитасининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар портлаш содир бўлаётган ҳудудга яқинлаша олмаяпти. Жабрланганлар борасида маълумот йўқ.

"Портлаш шиддати сўнган бўлса-да, бироқ мунтазам равишда портлаб турибди. Шунинг учун ҳам ўт ўчирувчиларимиз ҳодиса жойига бориб, уни ўчира олмаяпти. Жабрланганларнинг умумий сони маълум эмас. Эвакуация ишлари давом этмоқда", – деган Фавқулодда вазиятлар қўмитаси расмий вакили Нурсултан Нураҳметов.

Туркистон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати Арисдаги портлаш сабаб 23 киши шифохонага олиб келинганини маълум қилган.

Арисдаги қурол-яроғ сақланадиган ҳарбий қисм 1930-йилларда ташкил топган.

2009 йилда айнан шу ҳарбий қисмдаги қурол омборида портлаш содир бўлган. Натижада 3 киши ҳалок бўлган ва 17 киши жароҳатланганди.

minbar.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!