Қозоғистонда “Eurasian Book Fair-2019” халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бошланди

Қозоғистонда “Eurasian Book Fair-2019” халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бошланди

Китоб турли маданият ва тамаддунларни бирлаштирувчи кўприкдир. Шу боис 1996 йилдан бошлаб ҳар йили 23 апрелда Жаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари куни дунё бўйлаб кенг нишонланади.

2001 йилдан бошлаб бир шаҳарга Жаҳон китоблари пойтахти деган унвон берилади. Ҳозиргача Мадрид (Испания), Александрия (Миср), Нью-Дели (Ҳиндистон), Монреал (Канада), Богота (Колумбия), Байрут (Лубнон), Любляна (Словения), Буэнос-Айрес (Аргентина), Ереван (Арманистон), Бангкок (Тайланд), Порт-Харкорт (Нигерия), Врослав (Польша), Афина (Греция) каби шаҳарлар ана шу унвонга сазовор бўлганлар.

Ушбу сана муносабати билан бугун Қозоғистон Республикаси Нур-Султон шаҳрида жойлашган Korme кўргазмалар марказида Eurasian Book Fair-2019 IV Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Мазкур нуфузли тадбир китобхонликни оммалаштириш, нашриётлар, ёзувчилар, маданий-маърифий муассасалар, китоб савдоси билаш шуғулланадиган ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жаҳон ноширлик ва матбаа саноати тажрибасини ўрганиш, етакчи нашриётларнинг энг яхши замонавий китоблар тўпламини ўқувчилар ва харидорларга етказиш, китоб маҳсулотларини янги технологиялар асосида ишлаб чиқариш ва тарқатишга доир истиқболли вазифаларни белгилаш ҳамда халқаро маданий алоқаларни яхшилаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Кўргазмада Россия, Хитой, Эрон, Туркия, Польша, Белгия, Озарбойжон, Латвия, Украина, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан жами 90 та ташкилот, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги нашриётлар иштирок этмоқда. Кўргазма доирасида 150дан ортиқ тадбир ташкиллаштирилган. Барча иштирокчи-давлатлар вакиллари томонидан китоб тақдимотлари, бадиий кечалар, муаллиф, ношир, рассом ва матбаачилар билан учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган. Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида Энг яхши дарслик , Энг яхши ўлкашунослик китоби , Болалар ва ўсмирлар учун китоб , Маданият ва санъат , Фан ва инновация , Гран-при номинацияларида анъанавий Йилнинг энг яхши китоби танлови ўтказилади. Ғолиб ва номзодларга махсус диплом берилади.

Eurasian Book Fair-2019 IV халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 27 апрелга қадар давом этади.

Manba: darakchi. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!