Қозоғистон президенти мамлакат авиакомпанияларини текшириш бўйича топшириқ берди

Қозоғистон президенти мамлакат авиакомпанияларини текшириш бўйича топшириқ берди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги барча авиакомпаниялар ва авиация инфраструктуралари объектлари фаолиятини текширувдан ўтказиш бўйича топшириқ берди.

Қайд этилишича, президент қароргоҳида бош вазир, президент маъмурияти раҳбарияти, хавфсизлик кенгаши котиби, бош прокурор, миллий хавфсизлик қўмитаси раиси, вазирлар иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишда 27 декабрь куни Bek Air авиакомпаниясининг йўловчи самолёти ҳалокати бўйича сифатли ва объектив текширув ўтказиш, барча авиакомпаниялар ва авиация инфраструктуралари объектларини хавфсизлик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида уларнинг фаолиятини текширувдан ўтказиш топшириғи берилган.

Тўқаев шунингдек, самолёт ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича комиссия 10 январь куни ўрганиш ишлари натижаси борасида ҳисобот беришини маълум қилган.

Ҳукумат комиссиясини Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин бошқаради, унинг таркибига бош вазир ўринбосари Роман Скляр, саноат ва инфраструктуравий ривожланиш вазири Бейбут Атамкулов ва давлат органларининг бошқа вакиллари киради.

Кеча, 27 декабрь куни Қозоғистоннинг Bek Air авиакомпаниясининг йўловчи самолёти Олмаота шаҳри аэропортидан ҳавога кўтарилиш вақтида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 95 йўловчи ва экипажнинг 5 аъзоси бўлган. Самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, 35 киши тан жароҳати олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!