Қорасувлик аёл нега иккинчи марта қамалди?!

Қорасувлик аёл нега иккинчи марта қамалди?!

Республикамизда инсон манфаати, қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун. Шу боис ҳатто мавжуд қонунларга бўйсунмай жазога маҳкум этилганларни ижтимоий муҳофаза қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Халқ сўзи онлайн нинг ёзишича, қорасувлик Қизлархон Солиева ҳам ўзининг ноўрин хатти-ҳаракатлари билан бир неча бор жиноят остонасини хатлаб ўтган. Шу боис Хўжаобод тумани судининг 2016 йил 19 октябрдаги ҳукмига биноан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисмининг б банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туман судининг ўтган йил 4 июндаги ажримига кўра белгиланган жазонинг ўталмаган 3 йил 1 ой 29 куни ЖКнинг 74-моддаси тартибида ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш белгиланган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Бироқ у инсонпарварлик тамойилларига асосланган мазкур ажримга беписандлик билан ёндашиб, тайинланган жазони ўташдан бўйин товлади. Аслида унга берилган имконият содир этган салбий қилмишларини амалда оқлаши учун ягона вазият эди. Афсуски, аёл бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади.

Қўрғонтепа тумани ички ишлар бўлими мутасаддилари аёлнинг жамиятдаги ўрни, мавқеини эгаллаши, бошқалар қатори фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиши учун алоҳида эътибор қаратди, дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари, подполковник Санжарбек Солижонов. Энг аввало, доимий иш ўрни таклиф этилдики, бунинг оқибатида ижтимоий ҳолатини яхшилаш шароитига эга бўлар эди. Бироқ Қизлархон меҳнат қилиб, пул топишни ўзига эп кўрмади. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, кўпчиликнинг кўнглидан қолди. Натижада маъмурий ишлар бўйича Қўрғонтепа тумани суди томонидан ўтган йили жарима жазоси белгиланди. Шу билан бир қаторда, тайинланган 3 йил 28 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилишини сўраб, жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани судига тақдимнома киритилди.

Суд Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 423, 541, 542-моддаларига амал қилиб аввал белгиланган жазони шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш хусусида ажрим чиқарди. Аёл суднинг бу галги ҳукмидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!