Қорақалпоғистонда яна бир туман ташкил қилинади

Қорақалпоғистонда яна бир туман ташкил қилинади

Халқ депутатлари Кегейли тумани Кенгашининг навбатсиз ўтказилган сессиясида Ўзбекистон президентининг шу йил 20−21 август кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлари асосида Бўзотов туманини қайта ташкил қилиш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар берди ЎзА.

Сессия давомида Бўзотов туманини ташкил қилиш ва маъмурият маркази қилиб Бўзотов посёлка фуқаролар йиғинини белгилаш, «Қазанкеткен» маҳалла фуқаролар йиғинини «Бўзотов» посёлка фуқаролар йиғини этиб қайта тузиш ва «Қусқанатау», «Аспантай», «Эркиндарё» овул фуқаролар йиғини ва «Қазанкеткен» маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф қилиш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича тадбирларни белгилаш тўғрисидаи масалаларга эътибор қаратилди.

Халқ депутатлари Кегейли тумани Кенгашининг мажлисида депутатлар бир овоздан янги туман ташкил қилинишини қўллаб-қувватлади ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Бўзотов туманини ташкил қилиш ва туман чегараларини тасдиқлаш бўйича таклиф киритилди.

Чорвачиликка ихтисослаштирилиши мўлжалланган Бўзотов тумани илк бор 1979 йилда ташкил топган ва 1988 йилда фаолияти тугатилиб, 1990 йилда яна туман сифатида тузилган. Сўнг 2004 йилда Кегейли тумани таркибига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга 20−21 август кунлари ташрифи чоғида Қорақалпоғистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берар экан, шаҳар ва туманларни ҳам ихтисослаштиришни тавсия қилган эди. Жумладан, Қораўзак тумани қурилиш материаллари, Беруний, Хўжайли, Нукус туманлари мева-сабзавотчилик, Тахтакўпир чорвачилик, Шуманай паррандачилик, Элликқалъа узумчилик ва туризм, Мўйноқ балиқчилик ва чорвачилик, Кегейли чорвачилик, қизилмияни қайта ишлаш ва қоғоз саноати, Қанликўл дуккакли экинлар ва шоли етиштиришга ихтисослаштириладиган бўлди.

 

Қўнғирот нефть-кимё саноати ва чорвачиликка, Чимбой қизилмия етиштириш ва қайта ишлашга, Тўрткўл шиша, ойна ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, Амударё боғдорчилик, тўқимачилик ва пиллачиликка, Нукус шаҳри эса фармацевтика ва электротехникага ихтисослаштириб, Тахиатош тумани саноат ишлаб чиқариш ҳудудига айлантирилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!