ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ИЛК БОР КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯ ОПЕРАЦИЯСИ ЎТКАЗИЛДИ

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ИЛК БОР КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯ ОПЕРАЦИЯСИ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун Нукус шаҳридаги У. Холмурадов номли Республика кўп тармоқли тиббиёт марказида Қорақалпоғистон тиббиёти тарихида биринчи марта эшитишда нуқсони бўлган болаларда кохлеар имплантация операцияси ўтказилди.

Мазкур юқори технологик опреация Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг тажрибали шифокори А. Омонов, аудиолог М. Маҳмудов, анестезиолог Ҳ.Мойлиев, ҳамшира Н. Абигосомонян ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Ж. Бекеев, анестезиолог Г. Халмуратовалар томонидан муваффақиятли амалга оширилди.

Жарроҳлик амалиёти орқали ўтган йил Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ташхис қўйилиб, операция қилишга тавсия этилган 2017 йил Қўнғирот туманида туғилган С. Сабурова ҳамда 2019 йил Хўжайли туманида туғилган Э. Эсаевга кохлеар имплантант қўйилди.

Ҳозирда ҳар иккала боланинг ҳам аҳволи яхши ва улар шифокорлар томонидан тиббий назоратга олинган.

Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ўқиб юрган кезларим, мана шундай мураккаб операциялар Нукусда ҳам ўтказилишини орзу қилардим, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Женгис БЕКЕЕВ. — Қувонарлиси, бугун нафақат ушбу орзуим ушалди, балки бундай юқори технологик жарроҳлик амалиётида шифокор сифатида иштирок этдим. Бу эса менга ўзгача фахр бахш этди. Бу борада Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида малака ошириб қайтганим янада қўл келди. Албатта, олис ҳудудларда бу каби операцияларнинг йўлга қўйилиши юртимизда тиббиёт соҳаси жадал ривожланаётганидан дарак беради.

Эслатиб ўтамиз, 2014–2021 йилларда республикамизда 1100 нафардан ортиқ эшитишда нуқсони бўлган ва кар болаларда кохлеар имплантация операциялари муваффақиятли бажарилди.

Жумладан, “Нейросенсор кар ёки заиф эшитадиган болаларда кохлеар имплантатлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказиш” бўйича:

🔹2016 йилда 150 нафар;

🔹2018 йилда 239 нафар;

🔹2019 йил 320 нафар;

🔹2020 йилда эса 225 нафар заиф эшитувчи бемор болаларда жарроҳлик операциялари ўтказилиб, сўнгги 5 йил ичида кохлеар имплантация дастурини молиялаштириш кўрсаткичи 3 баробарга ошди.

Эътиборлиси, 2021-2022 йилларда кохлеар имплантация операцияларини Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари, Самарқанд, Андижон ва Бухоро вилоятларида ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда. Кейинги йилларда эса бундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари бутун республика бўйлаб йўлга қўйилади.

Натижада беморларнинг узоқ йўл босиб, пойтахтга келишларига ҳожат қолмайди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, кохлеар имплант – қулоқ ичига ўрнатиладиган мослама бўлиб, у ташқи микрофондан олинган товушларни кучайтириб, тўғридан тўғри инсоннинг эшитиш нервларига электрон импульс шаклида етказиб беради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!