Қонунчиликда бажариб бўлмайдиган нормалар ҳам учраб туради – Мирзиёев

Қонунчиликда бажариб бўлмайдиган нормалар ҳам учраб туради – Мирзиёев

Ўзбекистон қонунчилигида бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда айтиб ўтди.

“Кўпчилигимиз яхши биламиз, қадимги Рим ҳуқуқида олтин қоидалар бор. Масалан, “ҳеч кимга бажариб бўлмайдиган мажбуриятни юклама” ёки “қонун – имконсиз нарсани талаб қилмайди”, каби қоидалар шулар жумласидандир.

Афсуски, миллий қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак”, дейди Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, ортиқча талаб, аввало, ортиқча харажат дегани. Қолаверса, бу коррупцияга йўл очади.

“Мана, бир мисол, фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор.

Амалдаги қонунчилигимизга кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин, бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади.

Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божини ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. Ўзингиз ўйланг, 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди?”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев бундай мантиқсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун янги бир нормани Конституцияга киритиш таклифини билдирди.

"Маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак", дейди у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!