Қонунчилик тизимлаштирилса нималар ўзгаради?

Қонунчилик тизимлаштирилса нималар ўзгаради?

Барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қонунчиликдаги тизимли ўзгаришлар билан боғлиқ жадал ривожланиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ортишига олиб келди.

Бу борада рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йил сентябрь ҳолатига кўра 26 632 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат Lex.uz жойлаштирилган. Уларнинг 1 897 таси қонун ҳужжатлари (қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари), 24 735 таси қонуности ҳужжатлари (Президент Фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг буйруқлари ва қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари) ҳисобланади.

Қонунчилик базасининг 90 фоизидан ортиқроғини қонуности ҳужжатлари ташкил этади.

Янги қабул қилинган Фармонига мувофиқ Президент томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг 498 таси ўз кучини йўқотган деб топилиб, 121 тасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Биринчи босқичда Президентнинг 500 га яқин фармон ва қарорлари бекор қилинди. Ушбу йўналишдаги ишлар давом этади.

Жумладан, хатлов натижасида аниқланган Ҳукуматнинг 2 мингдан ортиқ эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қарорлари танқидий таҳлил қилиниб, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тизимлаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Бир ташкилот фаолияти 10 та қонуности ҳужжати билан тартибга солиниши қанчалик тўғри?

Ушбу масаланинг долзарблигини аниқ бир мисол билан кўриб чиқиш мумкин. Ҳозирги кунда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолияти 10 та қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. 10 та турли хил қонун ҳужжатлари ўрнига барча асосий масалаларни: тегишли давлат органи фаолиятининг ваколатлари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқа жиҳатларини қамраб олган бир ҳужжатни тушуниш ва унга амал қилиш осонроқ кечади.

Умумий ҳисобда, 2,5 минг қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилади.

Натижада, амалдаги қонунчилик базаси 10 фоизга қисқартирилади.

Бу каби қонунчиликни тизимлаштириш билан боғлиқ амалиёт хорижий тажрибада кенг қўлланилади.

Дунё нима дейди?

Жумладан, илк бор тўқсонинчи йилларда Швецияда тадбиркорлик ва инвестициянинг жалб қилинишига тўсқинлик қилувчи нормаларни бекор қилинган.

Бундан ташқари, Италия, Мексика, Жанубий Корея, Венгрия, Хорватия, Россия, Молдова ва бошқа давлатларда ўтказилган ялпи ҳатлов натижалари бўйича аниқланган ишламайдиган, мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳамда қонунчиликка зид бўлган қоидалар бекор қилинган.

Австралияда ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳар 10 йилда қайта кўриб чиқиш амалиёти махсус Қонун билан жорий этилган. Ҳар бир қонун ҳужжатининг эгаси бор. Тегишли ҳужжат юзасидан масъул этиб белгиланган давлат органи ушбу ҳужжат қабул қилинганидан 10 йил ўтгандан сўнг унга эҳтиёж мавжудлигини исботлаб бериши лозим. Акс ҳолда ҳужжат автоматик равишда ўз кучини йўқотади.

Амалдаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш билан бир қаторда норма ижодкорлиги, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнлари ҳам такомиллаштирилмоқда.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш йўналишида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланиш кўлами кенгайтирилмоқда.

Эндиликда:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан идора ва ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдончадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш “E-Qaror” ягона электрон тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

муаммо таҳлили, уни ҳал этиш йўллари, рақобатга таъсирини баҳолаш, янги тартибга солиш воситаларини жорий этишнинг эҳтимолий оқибатларини прогнозлаш ва баҳолаш, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таҳлил қилиш назарда тутувчи тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича таҳлилий материаллар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш босқичларида лойиҳага илова қилинади;

Адлия вазирлиги ҳар йили мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот тайёрлаб, уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Lex.uz, Regulation.gov.uz, Project.gov.uz, “очиқ платформа”

Қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари сифатига, шак-шубҳасиз, ижобий таъсир кўрсатадиган норма ижодкорлиги жараёнининг очиқлиги, оммабоплиги ва шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг барча амалдаги қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритилиши лозим.

Керакли ҳужжатларни қидириш жараёнини осонлаштириш учун Aдлия вазирлигига Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилдаги қарорига мувофиқ яратилган ҳамда 2017 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нашр этиш учун расмий манба мақоми берилган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш вазифаси юклатилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва оператив, ташкилий ва бошқа характердаги ҳужжатларни, шунингдек, ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги актларни алоҳида жойлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Шубҳасиз, замонавий технологиялар ҳаётни анча соддалаштирибгина қолмай, балки осонлаштиради ҳам. Бу норма ижодкорлиги жараёнига ҳам тегишли. Aхборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш натижасида пандемия билан боғлиқ карантин чораларини кучайтириш пайтида ҳам норма ижодкорлиги бўйича ишларни узлуксиз ташкил этишга муваффақ бўлинди. Масалан, 2020 йил 1 январдан бошлаб Интернетнинг бутунжаҳон ахборот тармоғида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича ягона электрон тизим (www.project.gov.uz) тўлиқ режимда иш бошлади.

Шуни билан бирга, давлатимиз раҳбарининг Фармонида норма ижодкорлиги жараёнини келгусида автоматлаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Натижада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида (www.regulation.gov.uz) тартибга солувчи юкни камайтириш, гуруҳларда ишлаш технологияларини ишлаб чиқиш ва ўзаро таъсирли механизмларни яратиш мақсадида “очиқ платформа” (open platform) жорий этилмоқда.

Давлат идоралари ва ташкилотлари билан мазкур мавзуга бағишланган онлайн учрашувлар ва мунозараларни бошлаш, қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсирини баҳолаш соҳасида “краудорсинг” имкониятларидан фойдаланиш, онлайн-сўровлар ўтказиш ва бошқа ташаббуслар фармонда белгиланди.

Қабул қилинган чора-тадбирлар мамлакатнинг ишбилармонлик муҳитини, инвестициявий жозибадорлигини яхшилашга ёрдам беради ҳамда қонунчилик базасини соддалаштириш учун ишбилармон доиралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан самарали ва очиқ мулоқотни ташкил этишга имкон яратади.

Сардор НУСРАТОВ,
Адлия вазирлигининг Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси катта маслаҳатчи


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!