Қонун ҳужжатлари қабул қилишда ортиқча харажатлардан воз кечилади

Қонун ҳужжатлари қабул қилишда ортиқча харажатлардан воз кечилади

Сифатли ва мувозанатлашган норматив-ҳуқуқий базани яратиш давлат ривожида муҳим ўрин тутади. Яъни бу ортиқча харажат, қоғозбозлик, бюрократик тўсиқлардан холи бўлган қонун ҳужжатлари қабул қилиш демакдир.
Бунинг учун эса соҳа ходимлари тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ўзига яраша малакага эга бўлиши зарур. Айнан шу йўналишдаги билим ва тажрибани ошириш мақсадида Тошкентда “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг мамлакат ривожидаги ўрни ва роли” мавзуида амалий семинар ташкил этилди.

Адлия вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда уюштирилган тадбирда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, норма ижодкорлиги субъектлари иштирок этди.

Семинар давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг самарали мехнанизмлари ҳақида сабоқ берилди. Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари, дастлабки натижалар ҳақида ҳам сўз юритилди.


Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос, мазкур банк маслаҳатчиси, тартибга солиш таъсирини баҳолашга ихтисослашган “Jacobs, Cordova and Associates” халқаро консалтинг ташкилоти катта директори Цезарь Кордова иштирокчиларга халқаро амалиётга оид илғор тажрибалар ҳақида сўзлаб берди.

Маълумот учун айтиш жоизки, бундай тартиб-таомил халқаро амалиётда XX асрнинг 60 йилларидан қўлланила бошланган. Бугунги кунда Буюк Британия, Дания, Франция, Германия, АҚШ, Россия, Қозоғистон каби 60 дан ортиқ давлатда самарали йўлга қўйилган.

“Ақлли тартибга солиш” усулларини қўллаш ҳисобига Германияда 2000-2005 йилларда 10,5 миллиард евро, Австралияда 2013-2015 йилларда 4,5 миллиард Австралия доллари, Россияда 2020 йилда 2,5 триллион рубль миқдоридаги ортиқча харажатларнинг олди олинган.

Тадбирда Адлия вазирлиги ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан амалга оширилаётган “Гендер жиҳатдан тартибга солиш таъсирини баҳолаш” бўйича лойиҳа ҳам тақдим этилди.

Жорий йилда Адлия вазирлигига экспертизага келиб тушган қонунчилик лойиҳаларининг 170 тасида (11 фоизида) тадбиркорларга ортиқча ва қўшимча харажатга олиб келиши мумкин бўлган 220 дан ортиқ ҳуқуқий норма аниқланган ва уларнинг қабул қилинишининг олди олинган.

Умуман олганда, тартибга солиш таъсирини баҳолашда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг учта муҳим йўналишга – иқтисодиётга, ижтимоий соҳага, экология ва атроф-муҳитга таъсири чуқур ва комплекс аниқланади. Бу эса сифатли ва самарали, ортиқча харажатсиз қонунчилик ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини таъминлайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!