Қоидабузар ҳайдовчилар қайси ҳудудда кўп эканлиги маълум қилинди

Қоидабузар ҳайдовчилар қайси ҳудудда кўп эканлиги маълум қилинди

Қоидабузарликлар тўғрисида кўп ва хўп гапирилди. Улар орқали жамиятга, фуқароларга етказилаётган зарарлар кўлами ниҳоятда катта. Қоидабузарликлар ва улар туфайли юзага келаётган йўл-транспорт ҳодисалари туфайли бевақт хазон бўлган умрлар қанча. Бу ижтимоий хавфли ҳодиса сабаб ногиронлик азобига дучор бўлган фуқаролар ноласи оламни бузади. Аммо, масъулиятсиз, шошма-шошар айрим ҳайдовчилар қоидабузарликларни ҳамон содир этишмоқда. Тўғри, йўл-транспорт ҳодисасини ҳеч ким атайдан содир этмайди. У аксарият ҳолларда эҳтиётсизлик оқибатида юзага келади. Эҳтиётсизлик эса қонун ва қоидалар талабларини билмаслик маҳсулидир.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида республикамиз бўйича жами 2 миллион 465 минг 749 та қоидабузарлик қайд этилди ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бу қоидабузарликларнинг 1 миллион 066 минг 645 тасини қўпол қоидабузарлик ташкил этади. Бу турдаги қоидабузарликлар эса инсонлар ўлимига, уларни турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, мол-мулкларини шикастланишига сабаб бўлади.

Қоидабузарликларнинг шундай бир тури борки, содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларида уларнинг салмоғи ниҳоятда катта. Булар тезлик талабларини бузилиши, светофорнинг таъқиқловчи ишорасида ҳаракатланиш, қарама қарши йўналишга чиққан ҳолда ҳаракатланиш каби ҳолатлардир. Агар маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, беш ой давомида компьютерлаштирилган бошқарув тизими орқали жами 458 минг 812 та ана шундай қоидабузарликлар аниқланди.

Аниқланган бу қоидабузарликларнинг 141 055 таси Тошкент шаҳри, 48 061 таси Фарғона, 45 110 таси Самарқанд, 41 440 таси Тошкент, 33 771 таси Жиззах вилоятлари ҳудудларига тўғри келмоқда. Қолган вилоятларда ҳам шунга яқин рақамларни кўриш мумкин.

Бир қарашда оддий кўринган бу метематик сонларни яхшилаб тахлил қилинса, улар ортида инсонлар ҳаёти турганлиги, уларнинг ҳар бири сизу бизнинг яқинларимиз, дўстларимиз, танишларимиз эканлигини эса ҳар доим ҳам ёдда тутавермаймиз. Пешона деворга текканида эса кеч бўлади.
Юқорида баён этилганларга асосланган ҳолда ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳаракатнинг барча иштирокчиларини “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий амал қилишга чақиради. 

Унутманг, қоидалар талабларини пухта ўрганиш ўзингиз ва ўзгалар ҳаётини асрашда муҳим аҳамиятга эга.

Шошилманг, тез борган жойга секин бориш ҳам мумкин. Бунинг учун манзил томон бир озгина эртароқ чиқишни одат қилинг. 

Ҳаракатланиш маданияти ҳаёт одоби эканлигини ёдда тутинг.

Энг аввало қоидалар талабларини бузманг, буздингизми, жарималарни ўз вақтида тўлашга одатланинг. Компьютерлаштирилган тизим орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жаримани ўз вақтида тўланг, акс ҳолда у мажбурий ижрога қаратилади. Қарздорлар эса янги ахборот коммуникацион технологияларга асосланган “Автокон” қурилмаси орқали аниқланади. Қоидалар сизу биз учун, хавфсизлигимиз учун хизмат қилишини унутманг, дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!