Қиёматда ҳайвонлар ҳам савол-жавоб қилинадими?

Қиёматда ҳайвонлар ҳам савол-жавоб қилинадими?

— Қиёмат куни ҳайвонларнинг ҳоли нима бўлади? Улар ҳам савол-жавоб қилинадими?

— Ҳадисларда келишича, қиёмат куни ҳамманинг ҳисоб-китоби бўлар экан. Бу дунёда зулм ўтказган ҳайвонлардан мазлум ҳайвонларга ўч олиб берилганидан сўнг, уларнинг барчаси тупроққа айлантирилар экан. Буни кўриб, дўзах азобидан хору зор бўлиб турган дўзахийлар “Кошки эди, ҳайвонларга ўхшаб, тупроқ бўлиб кетсам”, деб орзу қилар эканлар. Лекин бу орзу ҳеч қачон ушалмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар. Ҳаттоки, бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг “шох”ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!