Қирғизистоннинг вақтинчалик президенти оқланди

Қирғизистоннинг вақтинчалик президенти оқланди

Қирғизистон Олий суди бош вазир ва вақтинчалик президент Садир Жапаровга нисбатан 2012 йилда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш бўйича айбловни олиб ташлади. 

Суд матбуот хизматининг билдиришича, ишда жиноят таркиб йўқлиги туфайли Жапаровни оқлаш ҳақида қарор қабул қилинган. Бош вазирдан ташқари депутат Талант Мамитов ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам оқланди. 

Мухолифатнинг 2012 йилдаги намойиши чоғида «Ата журт» партиясининг парламентдаги фракцияси етакчиси Садир Жапаров вице-спикер Талант Мамитов ва депутат Қамчибек Ташиев билан бирга парламент биносини ишғол қилишга урингани учун ушланган эди. Прокуратура уларни ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринишда айблади ва уларнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилишини талаб қилди. Бишкек шаҳар суди парламент аъзоларини тўлиқ оқлади, бироқ кейинроқ Олий суд уларга 1 йилдан 1,5 йилгача қамоқ жазосини тайинлаб, суд залидан қўйиб юборди. 

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин сиёсий инқироз бошланди. Норозиликлар сайлов натижаларининг бекор қилинишига, ҳукуматнинг ва президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосига сабаб бўлди. 

Кишини гаровга олиш ва бошқа жиноятларда айбланиб қамалган Садир Жапаров намойишчилар томонидан озодликка чиқарилди. 14 октябрда у бош вазир лавозимига тайинланди.   


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!