Қирғизистонда парламент сайловлари кузда бўлиб ўтиши маълум қилинди

Қирғизистонда парламент сайловлари кузда бўлиб ўтиши маълум қилинди

Қирғизистон парламентига сайловлар шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон давлати раҳбари Садир Жапаров маълум қилди, деб ёзмоқда «ТАСС».

«Тез орада маҳаллий сайловлар бўлиб ўтади. Референдум ўтказиш режаси тузилган ва биз сайловларни ҳалол ўтказамиз. Парламент сайловлари кузда бўлиб ўтади», — деди давлат раҳбари.

Амалдаги депутатлик корпусининг ваколат муддати ўтган йилнинг октябрь ойида тугаган эди. Бироқ парламент сайловларидан сўнг бошланган норозилик намойишлари уларнинг натижаларини бекор қилишга ҳамда собиқ президент Сўронбай Жээнбеков ва ҳукуматнинг истеъфосига олиб келди. Натижада аввалги чақириқ депутатлари ўзларининг расмий вазифаларини бажаришда давом этди.

Жўқорғи Кенеш (Қирғизистон парламенти)га қайта сайловлар 2020 йил 20 декабрда бўлиб ўтиши белгиланган эди. Аммо депутатлар янги қонун лойиҳасини қабул қилган бўлиб, унга кўра мамлакатда дастлаб конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиши керак. Қонун лойиҳасида сайловларнинг кейинга қолдирилиши мамлакатда юзага келган оғир вазият, бюджетнинг даромад қисми пасайиши ва эпидемиологик вазият билан изоҳланган. Парламент сайловларини ўтказишнинг янги санаси «2021 йил 1 июндан кечиктирмай» белгиланишини маълум қилган. Бу қарорни парламентнинг 120 нафар депутатидан 83 нафари қўллаб қувватлаган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши ҳақида хабар берилганди. Ташриф қачон бўлиб ўтишига аниқлик киритилмаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!