Қирғизистонда иситиш мавсумидаги авариялар учун амалдорлар ишдан бўшатилади

Қирғизистон ҳукумати раҳбари иситиш мавсумидаги авариялар учун амалдорлар ишдан бўшатилишини маълум қилди
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров яқинлашиб келаётган иситиш мавсумида авариялар рўй берса, амалдорларни зудлик билан ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
"Қиш кутилмаганда келди, деганингизни эшитмай. Қиш мавсумига тайёргарлик 100 фоиз бўлиши керак. Агар ўтган йилги Майлуу-Судагидек ҳолат такрорланса, ишдан бўшайсизки, идорагача ҳам етиб бора олмайсиз", — деди Жапаров Вазирлар Маҳкамасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилишида.
Ўтган йилнинг январ ойида ҳукумат Жалолобод вилоятининг Майлуу-Суу шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий қилган эди.
Ҳаво совуқ бўлгани учун у ерда сув қувурлари музлаб қолган, шаҳар электр стансиясига сув оқиб келмай қолган, иссиқлик таъминоти тўхтаган. Оқибатда кўп қаватли уйларда яшовчи 1800 дан ортиқ аҳоли иссиқликсиз қолган.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари, шунингдек, аҳоли ўртасида электр энергиясини тежаш юзасидан "тушунтириш ишларини олиб бориш" бўйича топшириқлар бериб, "ҳар бир фуқаро" ва "айниқса, давлат муассасалари" иситиш мавсумига тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади.