Қирғизистонда амалдорларга қариндош-уруғчилик қилиш ва совғалар олиш тақиқланди
Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Касималиев давлат фуқаролик ва муниципал хизматчиларининг коррупцияга қарши намунавий хулқ-атвор стандартларини тасдиқлади.
Янги қоидаларга кўра, Қирғизистон амалдорларига айрим шахсларга алоҳида имтиёзли шароитлар яратиш, давлат мулки ва хизмат маълумотларидан шахсий мақсадларда фойдаланиш, хизмат вазифаси билан боғлиқ совғалар ва мукофотларни қабул қилиш (расмий совғалар бундан мустасно, улар давлат органи балансига ўтказилиши шарт), яқин қариндошларини лавозимларга тайинлашда қатнашиш ва уларга хизмат кўрсатиш тақиқланди.
Ҳужжат талабларини бузганлик учун интизомий жазо чоралари кўрилади, ҳатто ишдан бўшатишгача жазо берилиши мумкин. Агар коррупсия ёки жиноят белгилари аниқланса, ҳужжатлар прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.
