Қирғизистонда “Alibaba”нинг филиали очилиши мумкин

Қирғизистонда “Alibaba”нинг филиали очилиши мумкин

Қирғизистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Хитойга Alibaba Group компаниясининг республикада ваколатхонасини очишни таклиф қилди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

"Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қирғизистон-Хитой ҳукуматлараро комиссиясининг 15-мажлиси видео селектор кўринишида бўлиб ўтди. Иқтисодий ўсишни, интернет-тижоратни рағбатлантириш ва ўзаро савдо айланмасини ошириш учун Қирғизистон томони республикада Алибаба Гроуп филиалини очиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди”, — дейилади хабарда.

Йиғилишда Қирғизистон делегациясига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиев бошчилик қилди ва у коронавирус пандемиясига қарамай, томонлар иқтисодиёт, савдо, стандартлаштириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар, интеллектуал мулк, матбуот, транспорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий натижаларга эришганини таъкидлади.

“Учрашувда, инфратузилма ва ирригация лойиҳаларини амалга оширишга, хусусан, Чуй каналини қуришга,“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилишига, “Шимол-Жануб” муқобил йўли, бешта муҳандислик иншоати (иккита қор кўчкиси галереяси, учта йўл ўтказгич кўприги) қурилиши, шунингдек, Бишкек шаҳридаги йўлларни реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилди, — дейилади хабарда.

Хитой Халқ Республикаси Савдо вазири ўринбосари Ван Шоувен, ўз навбатида, Хитой Қирғизистондан маҳсулотлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини кўпайтиришга ҳаракат қилаётганини айтди. “У инновациялар, яшил иқтисодиёт ва гидроенергетика, тоғ-кон саноати ва нефтни қайта ишлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сармоявий ва минтақалараро ҳамкорлик соҳаларида икки томонлама ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратишни таклиф қилди”, — дея қўшимча қилди республика матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!