Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна отишма юз берди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна отишма юз берди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна отишма юз берди.

Sputnik Қирғизистоннинг Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати матбуот хизмати маълумотларига таяниб ёзишича, маҳаллий вақт билан соат 7:00 атрофида Боткен вилояти Боткен туманидаги Булоқбоши қишлоғида Тожикистоннинг “Кех” чегара пости томонидан Қирғизистоннинг “Булоқбоши” чегара постига қарата ўқ узилган. Бунга жавобан Тожикистон постига қарата жавоб ўқи узилган.

Таъкидланишича, икки томон чегарачилари дарҳол жанговар позицияларни эгаллаган. Қирғизистоннинг Боткен вилояти бўйича чегара вакили ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти бўйича чегара вакили телефон орқали суҳбатлашган. Воқеа жойига томонларнинг чегара отрядлари бошлиқлари жўнаб кетган.

“Аммо соат "7:50 да Тожикистон томони гранатомёт ва миномётларни қўллаб яна ўт очди. Соат 8:10 да отишма тўхтади”, - дейилган хабарда.

Айни пайтда отишма сабабларини аниқлаштириш ва вазият кучайиб кетишига йўл қўймаслик учун томонларнинг чегара вакиллари учрашув ўтказмоқда.

Соат 8:40 ҳолатига кўра, икки давлат чегарасида вазият кескин деб баҳоланган.

Ўз навбатида Sputnik Тожикистоннинг ўз манбасига таянган ҳолда хабар беришича, қирғизистонлик чегарачилар огоҳлантиришсиз ўт очишган.

“Саҳар эрталаб улар ҳатто миномёт қўллашди. Натижада тожикистонлик чегарачилар ҳам ўт очишди. Афсуски, отишма садолари ҳозир ҳам эшитилиб турибди”, - деган манба.

Нашрнинг Ворух жамоати маъмуриятидаги манбаси отишма оқибатида Тожикистон томонидан бир нафар ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Ҳозир унинг шахсига аниқлик киритилмоқда.

Расмий Душанбе воқеа юзасидан ҳозирча муносабат билдирмаган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг узунлиги 970 километрни ташкил қилади. Шундан 460 километр масофа юзасидан икки давлат ўртасида келишув мавжуд эмас, бунинг оқибатида чегарада турли низолар содир бўлади, икки мамлакат вакиллари ҳам чегарадаги бир қатор ҳудудлар ўзларига тегишли эканини даъво қилиши оқибатида аҳоли ёки чегарачилар ўртасида келишмовчиликлар юзага келиб туради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!