Қирғизистон Ўзбекистонни энг йирик ГЭС қурилишига жалб қилмоқчи

Қирғизистон Ўзбекистонни энг йирик ГЭС қурилишига жалб қилмоқчи

Қирғизистон энг йирик Қамбар-Ота ГЭСи қурилишини мустақил равишда бошлаш ниятида. Биринчи навбатда республика ГЭС қурилиши учун барча керакли инфраструктурани тайёрлаб қўймоқчи: автомобил йўллари ва бошқа комуникациялар. 

Чет эл инвесторлари қаторида Ўзбекистон ҳам бўлиши мумкин, деб хабар беради Sputnik Қирғизистон Миллий энергетика холдинги раҳбари Айтмамат Назаровга таяниб.

Расмийнинг сўзларига кўра, хозирда техник-иқтисодий асослаш тайёрланиб, бир қатор инвесторлар ва халқаро молия институтлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, ушбу лойиҳада Ўзбекистон ва Қозоғистон вакилларининг иштироки муҳокама қилиниши режалаштирилган.

"Менимча, биз яқинда лойиҳанинг бошланиши ҳақида эълон қиламиз. Биз унга миллий мақом берилишини хоҳлаймиз. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,86 ГВт кучланишда  6 миллиард киловатт-соатни ташкил этади. Ҳозирча биз кимни инвестор бўлишини кўриб чиқмоқдамиз, лекин аввал лойиҳани ўзимиз бошлаб инфратузилмани қурмоқчимиз - йўллар, туннеллар, кўприклар ва қурилиш майдончасини тайёрлаш," - деди Назаров.

2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев республика Қамбар-Ота лойиҳасини амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирган, аммо аниқ муддатлар, шунингдек ГЭСнинг қайси босқичи хусусида гап кетмаган. Ҳозирча Ўзбекистон томонидан ушбу масала бўйича изоҳ олинмаган.

Янги станция Токтогул ГЭСига қараганда бир ярим баравар кучлироқ бўлади. CASA-1000 лойиҳасига уланган тақдирда, станциянинг харажатларини қопланиши муддати 12 йилни ташкил этади. Лойиҳани ишга тушириш 2012 йилда, "Интер РАО" ОАЖ билан шартнома имзоланганида режалаштирилган эди. Бироқ, 2015 йилда Қирғизистон ҳукумати бирданига икки энергетик битимни денонсация қилиш ташаббуси билан чиққан.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!