Қирғиз-тожик чегарасида отишма: қирғизистонлик ҳарбий ҳалок бўлди

Қирғиз-тожик чегарасида отишма: қирғизистонлик ҳарбий ҳалок бўлди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида икки мамлакат чегарачилари ўртасида отишма юз берди, деб ёзади «Интерфакс» Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ)га таяниб.

Ҳодиса 8 июль куни 17:00 (Тошкент вақти билан 16:00)да содир бўлган. Қирғизистон Чегара хизматининг отлиқ қисми Боткен вилояти Лайлак туманидаги Наумин довони ҳудудида қирғиз-тожик чегараси бўйлаб хизмат ўтаётган бўлган.

Чашмагилдан довони ҳудудида қирғиз чегарачиларига тўсатдан Тожикистон чегарачилари ҳужум қилган ва ўртада отишма юзага келган.

Воқеа жойига ҳодиса сабаблари ва ҳолатларини аниқлаштириш учун масъул органлар раҳбарлари етиб келган. Боткен вилояти маъмурияти хабарига кўра, икки нафар қирғизистонлик чегарачи Тожикистон чегарачилари томонидан асирга олинган.

Ўз навбатида, Тожикистон МХДҚ ҳодисани изоҳлар экан, тўрт нафар қирғиз чегарачилари Сўғд вилояти Деваштич тумани ҳудудида Тожикистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганини маълум қилди. Аралаш кийим кийган (ҳарбий ва оддий) ва автоматлар билан қуролланган Қирғизистон ҳарбийлари маҳаллий аҳолининг тўққизта отини ҳайдаб кетишга уринган.

«Қирғиз чегарачилари Тожикистон чегара қисми буйруғига итоат қилмасдан ўт очди. Жавоб ўти оқибатида икки нафар қирғизистонлик чегарачи яраланди. Ҳодиса жойида икки мамлакат масъул органлари суриштирув олиб бормоқда», — дейилади МХДҚ хабарида.

9 июль, жума куни Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати Тожикистон билан чегарада юз берган отишмада қирғиз ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, Тожикистон томонида ҳам ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор.

Шунингдек, яна киши отишмада яраланган, деди Боткен вилояти раҳбари ўринбосари.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!