Қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли ЖПКнинг 83-моддасига асосан шахс айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинди

Қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли ЖПКнинг 83-моддасига асосан шахс айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2010 йил 15 июндаги ҳукмига кўра, Қ.Ж Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди ва 209-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 59-моддасига асосан 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди кассация инстанциясининг 2011 йил 1 февралдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 27 июндаги ажрими билан, Ж.Қандахоровга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди кассация инстанциясининг 2011 йил 1 февралдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан кассация инстанцияси судида кўриш учун юборилган.

Суднинг ҳукмига кўра, Ж.Қандахоров Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳузуридаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори лавозимида 2007 йилнинг июнь ойидан буён хизмат қилиб келиб, масъул мансабдор шахс бўла туриб, 2009 йилнинг 19 июнь куни шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахс ва у орқали Ф.Очилов, Р.Ашуров ва А.Кенжаев билан олдиндан жиноий тил бириктириб, улар билан бир гуруҳ бўлиб, ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, содир этиши мумкин бўлган муайян ҳаракатни, яъни аслида вилоят ЙҲХБга рўйхатга қўйиш учун олиб келинмаган, 1971 йилда ишлаб чиқарилган “Москвич-412” русумли, давлат рақами 85 Д 2766 бўлган автомашинасини кўздан кечирмаган бўлса-да, фуқаро Р.Ашуров номидан транспорт воситасини қайд этиш ва давлат рақами бериш ҳақидаги вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи номига ёзилган аризада “автомашина агрегат рақамлари ҳужжатларда кўрсатилган рақамларга тўғри келади” деб, гўёки автомашинани кўздан кечириб, автомашина агрегат рақамларини ҳужжатларда кўрсатилган рақамлар билан солиштириб кўрганини тасдиқлаб, ўз имзосини қўйиб, била туриб, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, расмий ҳужжатга сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, ААС 20583919-сонли транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси ва 85 О 035 АА давлат рақамини фуқаро Р.Ашуровнинг номига расмийлаштириб бериб, эвазига терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган фуқаро орқали А.Кенжаев ва Ф.Очиловдан қонунга хилоф эканини била туриб 59.378 сўм пулни пора тариқасида олганликда айбланган.

Кассация шикоятида, Ж.Қнинг айбсизлиги ва ҳаракатида жиноят таркиби йўқлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд ҳукмини бекор қилиб, Ж.Қни оқлаш хусусида ажрим чиқариш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 22-моддаси талабларига кўра, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.

Ушбу кодекснинг 463-моддаси 1-қисмига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Суд ҳукми тўғрисида”ги 2014 йил 23 майдаги 7-сонли Қарорининг 4-бандига мувофиқ, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги;

далиллар мақбуллиги нуқтаи назаридан баҳоланишида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган тушунтиришларга амал қилиниши лозимлиги;

далилларни баҳолаш жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилиши;

текширув натижасида ҳақиқатга мувофиқ эканлиги аниқланган далиллар ишончли деб ҳисобланиши, судланувчининг айбдорлиги (айбсизлиги) тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган далиллар ҳукмда нафақат кўрсатилиши балки, суд томонидан нима учун улар ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган бўлиши лозимлиги;

ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши лозимлиги;

5-бандида, “Судларнинг эътибори, ЖПКнинг 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлигига қаратилиши;

судлар ҳукм ЖПКнинг 26, 90 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши лозимлигини эътиборга олишлари кераклиги”ги ҳақида тушунтиришлар берилган.

Бироқ суд, судланган Ж.Қга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “б” бандида (2001 таҳририда), масъул мансабдор шахс томонидан пора олганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур жиноятнинг объекти давлат ҳокимияти, бошқарув ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлар, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳисобланиб, объектив томондан пора олиш мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий наф кўришида ифодаланади.

Суд, Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳузуридаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори Ж.Қни фақат мансаб вазифаларига қараб, унинг айблилигини фараз ва гумонларга асосланиб, судланувчи ва гувоҳлар томонидан келтирилган важларни тўлиқ текширмасдан, барвақт хулосага келган.

Судлов ҳайъати, мазкур жиноят иши бўйича пора предмети бўлмагани ва аниқланиб олинмагани, Ж.Қга айнан ким, қачон, қаерда қанча пул берганлиги ёки Ж.Қнинг пора олганлиги иш ҳолатлари ва бирон бир даллилар мажмуи билан тасдиқланмагани ва унинг Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди (ёки ЖКнинг 210-моддаси бошқа қисмлари ҳамда бандлари)да назарда тутилган пора олиш жиноятини содир этганлиги ўз исботини топмаганлиги сабабли, унинг ҳаракатида жиноят таркиби мавжуд эмас деб ҳисоблади.

Шунингдек, судлов ҳайъати, биринчи босқич суди томонидан Ж.Қ Ўзбекистон Республикаси ЖК 209-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда нотўғри айбланган деб ҳисоблади. 

Ўзбекистон Республикаси ЖК 209-моддасининг 1-қисмида, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёҳуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлган мансаб сохтакорлиги учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур жиноятнинг объекти давлат бошқаруви органларининг мавқеи ва фаолияти, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳисобланиб, объектив томондан қилмиш ва келиб чиққан жиноий оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланишнинг мавжудлиги билан ифодаланади.

Дастлабки тергов ва судда аниқланган ҳолатларга қараганда, фуқаро Р.А фуқаро К.Одан 85 D 2766 давлат рақамли “Москвич-412” русумли автомашинани сотиб олганидан сўнг, мазкур автомашинани вилоят ИИБ ЙҲХБ РИБдан қайта расмийлаштириб, ўзининг номига транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномаси ва 85 О 035 АА давлат рақами олган.

Бироқ, ҳолат юзасидан ўтказилган судга оид хатшунослик экспертизасининг 2009 йил 16 декабрдаги 1110-сонли хулосасига кўра, Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ 1-сонли РИБнинг 2009 йилдаги 85 О билан бошланадиган давлат рақам белгиси ва транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномаларини рўйхатга олиш китобининг 174-варағидаги 1656-рақами билан қайд қилинган Р.Ага тегишли “Москвич-412” русумли автомашина учун расмийлаштирилиб берилган ААС 1900283 серия рақамли транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси ва 85 О 035 АА давлат рақам белгисини олганлиги ҳақидаги имзолар, шунингдек, Р.Анинг номидан сотиб олинган автомобилни рўйхатга олиб, қайд этиш гувоҳномаси ва рақам белгиси беришни сўраб ёзилган 2009 йил 19 июндаги ариза бланкасининг “имзо” графасидаги “аризачи” номидан бажарилган имзо фуқаро Р.А томонидан эмас, балки бошқа шахс томонидан бажарилганлиги аниқланган. 

Хақиқатдан ҳам, фуқаро Р.Анинг номига ААС 1900283 серия рақамли транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномасини расмийлаштириш ҳужжатлари ЙҲХБ РИБ инспектори Ж.Қ томонидан бажарилиб, Р.Ага тегишли автомашинани ва унинг ўзини кўздан кечирмасдан туриб, ички ишлар тизимида ўрнатилган иш юритиш тартиб қоидалари ва иш ютириш интизомини бузган кўринади.

Бундай ҳолат, Ж.Қнинг ички ишлар тизимида ўрнатилган ички тартиб қоидаларга мувофиқ интизомий жавобгарлигини келтириб чиқариши мумкин холос.

Бироқ, бу билан, ҳақиқатда мавжуд бўлган аммо ўзининг иштирокисиз автомашинаси учун тегишли ҳужжатларни қонуний тартибда олганлиги нуқтаи назаридан Р.Анинг манфаатларига бирон бир зиён ёки зарар етказилган деб бўлмайди.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси ЖК 14-моддасининг биринчи қисмига асосан, жиноят кодекси билан таъқиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш жазо қўлланилиши тахдиди билан жиноят деб хисобланади. Ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, жиноят кодекси билан қўриқланадиган объектларга зарар етказадиган ёки шундай зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарадиган қилмиш ижтимоий хавфли қилмиш деб топилади.

Қайд этилганларга асосан, кассация инстанцияси суди, Ж.Қнинг харакатларида мансаб сохтакорлиги жиноят таркиби мавжуд эмас деб хисоблади ва Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2010 йил
15 июндаги Қ.Жга оид ҳукми бекор қилиниб, Қ.Ж, унинг харакатида Ўзбекистон Республикаси ЖК 209-моддасининг 1-қисми ва 210-моддаси
3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан
оқланди.

Қ.Жга, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда, жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилди.

 

     А.Шайдоев,

КСҲ-4-04/171-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди раисининг

ўринбосари


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!