“ҚАЙТА ИШЛАШ” БОЖХОНА РЕЖИМИ - КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИ

A A A
“ҚАЙТА ИШЛАШ” БОЖХОНА РЕЖИМИ - КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИ

Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва экспортни қўллаб-қувватлаш, қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида, кенг кўламли ишлар олиб борилиб, тадбиркорларга бир қанча қулайлик ва енгилликлар яратилмоқда.

Мазкур қулайлик ва қонунчилик янгиликларини кенг жамоатчиликка етказиш, тадбиркорларнинг бу борада ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни тизимли ҳал қилиш мақсадида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент-товар” божхона постида “Қайта ишлаш” божхона режими- кенг имкониятлари эшиги” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бош бошқармаси масъул ходимлари, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов ва бўлим бошлиқлари ҳамда 20 дан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирок этишди.

Рақамларга мурожжат қилсак, 2022 йилнинг 7 ойи давомида 112 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 281 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирилиб, 260 млн. АҚШ долларига тенг қайта ишланган тайёр маҳсулотлар реэкспортга йўналтирилган.

Бу борада Ўзбекистонда ҳам мавжуд салоҳиятдан фойдаланиб, юқори кўрсаткичларга эришиш мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини қўллашни соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-115 сон Фармони ҳеч шубҳасиз тадбиркорлик субъектларига жуда катта қулайлик ва ваколатлар берибгина қолмай, ташқи савдо географияси кенгайтириш ва экспорт ҳажмини янада оширишга замин яратади.

Фармон билан қуйидаги янгиликлар жорий этилди:

➖ эндиликда товарларни қайта ишлаш операциялари рўйхати қадоқлаш, ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш хизматлари билан тўлдирилди;

➖ товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани тақдим этиш талаб этилмайди;

➖ махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторлари учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартиби қўлланилмайди;

➖ айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича, контрактлар сонидан қатъи назар, 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга умумий рухсатнома берилади. Бунда ҳар бир қайта ишлаш операцияси (контракт) учун чиқиш нормаси тақдим этилади;

➖ товарларни қайта ишловчи ваколатли шахслар ҳар чоракда Давлат божхона қўмитасининг ахборот тизими орқали божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига риоя қилинганлиги тўғрисида ҳисоботларни Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинган шаклда тақдим этадилар.

Алоҳида қайд этиш жоизки, Фармонда тадбиркорлар учун яратилган бу каби енгиллик ва қулайликлар аксарият мамлакатларда мавжуд эмас. Шундай экан, бу каби имкониятдан унумли фойдалана билиш зарур.

Божхона постида ташкил этилган учрашувнинг бош мақсади ҳам тадбиркорларга ушбу қулайликларни яқиндан етказиш ва бу орқали кенг жамоатчиликка таништиришни назарда тутган эди.

Ўзаро жонли мулоқотларга бой тарзда ўтган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофилача жавоблар олишди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!