Қайси маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилган?

Қайси маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилган?

25 январь санасида Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2022 йилда одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида хабар бериш мақсадида брифинг ташкил қилинди. Унда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раис ўринбосарлари Шуҳрат Аббасов, Акбарали Турабов, Мақсудбек Саидов, судьялар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари фаолияти юзасидан ахборот ахборот берди. Унга кўра, 2022 йил мобайнида Тошкент шаҳар маъмурий судларига жами 5146 ариза(шикоят)лар келиб тушган. Шундан, 195 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган (2021 йили бу кўрсаткич 512 тани ташкил этган), 194 та (2021 йил 960 та) ариза ва шикоятлар қайтарилган, 198 таси янги йилга қолдиқ бўлиб ўтган бўлса, 4559 таси иш юритув қабул қилиниб кўриб тамомланган. Якунланган ишларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга боғлиқ қисми 2705 та (2021 й. 2249 та 20,2% га ошган) бўлса, 1854 таси (2021 й. 1398 та 32,6% га ошган) материал тартибда кўриладиган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ ишлар ҳисобланади. Ишларни кўришнинг умумий кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 25% га ўсган.

— Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан ариза (шикоят)ларни қабул қилишни рад қилиш ҳолати сал кам 3 бараварга, қайтариш ҳолати эса беш ярим бараварга камайган. Маъмурий судларги тааллуқли масалаларда фуқаролар овора бўлмаслиги учун аризаларни қайтариш ва қабул қилишни рад этиш кескин камайтирилган. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб материал тарзида кўриладиган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш (муддатини узайтириш) билан боғлиқ кўриладиган ишлар жиноят судларига ўтказилганлиги сабабли ишларни кўришнинг сифат даражаси яна ҳам ошиши кутилмоқда, - дейди суд раиси.

Бевосита оммавий низолар кўрилишини статистик таҳлилига тўхталадиган бўлсак, кўрилган ишларнинг 1437 таси ёки 53,1 фоизи қаноатлантирилган, 821 таси ёки 30,4 фоизи рад этилган, 325 (12%) таси иш юритишдан тугатилган, 122 таси ёки жами кўрилган ишларнинг 4,5 фоизи кўрмасдан қолдирилган. Оммавий низоларнинг кўрилиши ўтган йилга нисбатан 20,2 фоизга кўпайган.

Шу билан бирга, биринчи инстанцияда ишларни кўриш якунлари бўйича жами 258 та қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан таъсир чоралар сифатида хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, шунинг 193 таси ёки 74,8 фоизининг ижроси юзасидан жавоб хатлари олинган. Шундан 25 та ҳолат бўйича мансабдор шахсларга қонунчиликда йўл қўйган камчиликлари учун ташкилот раҳбарлари томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Биринчи инстанцияда кўриб тамомланган 1854 та материалнинг 1781 таси қаноатлантирилган 73 таси рад этилган бўлиб, 2021 йилга нисбатан 32,6 фоизга ўсган.

Таъкидланишича, 2022 йил давомида қуйидаги маъмурий органлар МАНСАБДОР ШАХСЛАРининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, билан боғлиқ ишлар нисбатан кўпроқ кўрилган:

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 583 та иш кўрилган. Шундан, 536 таси қаноатлантирилган;

Давлат солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 692 та кўрилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан деярли 2 баравар кўпайган. Шундан, 475 таси қаноатлантирилган, 212 таси рад этилган. Чиқарилган суд таъсир чораларининг асосий қисми, яъни 111 таси, хусусий ажримларни 43 фоизи солиқ идоралари мансабдор шахсларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан чиқарилган;

Ҳокимият мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 371 та иш кўрилган. Шундан, 100 таси қаноатлантирилган, 203 таси рад этилган (маҳаллий ҳокимликлар билан боғлиқ ишлар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 19,8 фоизга камайган);

Мажбурий ижро бюроси марказий ва ҳудудий идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, улар томонидан чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 329 та (2021 йили 213 та) иш кўрилган бўлиб, шундан
71 таси қаноатлантирилган, 155 таси рад этилган;

Адлия органлари (интеллектуал мулк агентлиги, нотариус, ФҲДЁ, давлат хизматлари агентлиги ва б.) мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, уларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан 113 та иш кўрилган. Шундан, 49 таси қаноатлантирилган, 43 таси рад қилинган.

"Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига оид ишларни кўриш бўйича" МФЙ сайловига оид Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанцияси томонидан жами 10 та иш кўрилган бўлиб, шундан 6 та иш бўйича арз қилинган талаб рад этилган, 3 та иш бўйича ариза талаби қаноатлантирилган, 1 та ҳолатда ариза иш юритишдан тугатилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари томонидан 2022 йил мобайнидан жами 4 та давлат сири билан боғлиқ иш биринчи инстанцияда ҳамда 731 та иш апелляция инстанциясида кўриб тамомланган.

Апелляция инстанциясида ишларнинг бекор қилиниши 2021 йилга нисбатан 12,4 фоизга камайган. Бу ҳам суд қарорларининг йилдан-йилга барқарорлашаётганинг бир далили дейишимиз мумкин.

Апелляцияда кўрилган ишлар бўйича жами 83 та иш якуни юзасидан қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатлари аниқланиб, судлов ҳайъатлари томонидан хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилган. Уларнинг 51 тасининг ижроси таъминланган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатлари томонидан 2022 йилда жами 9 та ишни кўриш натижасида тарафларнинг хатти-ҳаракатида жиноят аломатлари бор ёки йўқлигига ҳуқуқий баҳо берилиши учун прокуратура идораларига хабарномалар юборилган бўлиб,
1 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги ҳамда МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги судга ҳабар қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!