«Қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўша экилади». Президент пахта теримини кўздан кечирди

«Қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўша экилади». Президент пахта теримини кўздан кечирди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманига ташриф буюрди. Президент матбуот хизмати хабар беришича, давлат раҳбари «Валихон ота» фермер хўжалиги даласида бўлиб, пахта теримини кўздан кечирди.

Жорий йил июль ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида давлат раҳбари ғўза ривожини жадаллаштириш, ҳосилга ҳосил қўшиш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Шунга мувофиқ, Тошкент вилоятида ҳам зарур агротехник тадбирлар амалга оширилди. Вилоятда қарийб 76 минг гектар, Бўка туманида салкам 13 минг гектар майдонда пахта етиштирилди. Айни кунларда пахта терими давом этмоқда.

Президент шу ерда вилоят фермерлари ва қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан суҳбатлашди.

Бу йилги об-ҳаво пахтачилик учун ноқулай келди. Сув кам, зараркунанда ҳашаротлар кўп бўлди. Пахта ривожи кечикди.

Давлат раҳбари ҳамма соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам асосий мақсад халқ манфаати эканини, қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўша экилишини таъкидлаган.

«Манфаатдорлик бўлиши учун қилинган харажатни қоплаб, фойда кўриш керак. Эртанги куни бугунидан яхши бўлиши учун ҳар бир одам ўзи ҳаракат қилиши зарур. Ҳозирги замонда ким ютади - интилган ютади, меҳнат қилган ютади», деган Шавкат Мирзиёев.

Бу йил пахта ҳосилини йиғиб-теришда нарх икки баробар оширилди. Жумладан, Тошкент вилоятида бир килограмм пахта териш учун минг сўмдан зиёд пул тўланмоқда.

Мулоқотда фермерларга ўз меҳнати самарасини кўриш вақти келгани, бунинг учун пахта теримини уюшқоқлик билан ташкил этиб, ҳосилни ёғинли кунларга қолдирмай йиғиб олиш зарурлиги таъкидланди.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!