Қатортол кўчасида иссиқлик қувурининг ёрилиши бўйича расмий баёнот берилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида иссиқлик қувурининг ёрилиши бўйича расмий баёнот берилди.
Унда айтилишича, 2018 йил 13 сентябр куни 5-ИМ иссиқлик манбаи таъсир доирасининг механик зичлик ва мустаҳкамлигини аниқлаш синовлари ўтказилаётганда Қатортол кўчасидаги иссиқлик тармоқларининг эскирган участкасида магистрал қувурнинг ёрилиши содир бўлди. Бунинг оқибатида асфальт қопламасининг бузилиши юзага келди. Оқибатда “Спарк” ва “Матиз” русумли енгил автомобилларга зарар етди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, ҳозирда синов ўтказиш вақтида юзага келган авария ҳолатини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Автомашиналарга етган зарарларни қоплаш мақсадида эса “КРОСС” суғурта компанияси томонидан баҳолаш ишлари амалга ошириляпти.
Хабарда айтилишича, “Тошиссиққуввати” ДУК 2018-2019 йилларда иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ, иссиқлик тармоқларининг режали синовлари ўтказилмоқда. Иссиқлик тармоқларининг синовлари тўғрисидаги эълон, оммавий ахборот воситаларида, хусусан 2018 йил 28 август кунги “Вечерний Ташкент” ва “Тошкент оқшоми” газеталарида ҳамда teploenergo.uz сайтида ёритилган.
Manba: xs.uz